13:02 / 27.06.2019
9269

«Пул сарфи назоратидан директор лавозимини тасдиқлашгача».  Мактабдаги кузатув кенгашлари қандай ваколатларга эга?

Фото: Depositphotos

Мактабларда ноқонуний пул йиғимларининг амалга оширилмаслиги, мактаб учун давлат бюджетидан ажратилган маблағнинг самарали сарфланиши, мактаб раҳбриятининг иш унумдорлиги кузатув кенгашлари томонидан назорат қилинади. Ўзгаришлар умумтаълим масканларида сифат кўрсаткичларининг кўтарилишига хизмат қилиши кутилмоқда. Бу хусусида Maʼrifat нашри мақоласида баён қилинади.

2018 йил 5 сентабрдаги «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги Президент фармонига мувофиқ, умумтаълим муассасаларида корпоратив бошқарув ва жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида ота-оналар, собиқ битирувчилар, ҳомийлар ва бошқа жамоатчилик вакилларидан иборат кузатув кенгашлари ташкил этилган эди. Бу кузатув кенгашларининг ваколатлари ва вазифалари нимадан иборат? Мақола шу саволларга батафсил жавоб беради.

— Кенгашнинг мақсади таълим жараёни ва мактаб молиявий-хўжалик фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш, ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши, уларга тегишли шарт-шароит яратиш ҳамда таълим-тарбия жараёнини қўллаб-қувватлашдан иборат Вазирлик тасарруфидаги барча умумий ўрта таълим муассасалари учун татбиқ этиладиган кенгашлар юридик шахс ҳисобланмайди ва давлат рўйхатидан ўтказилмайди, ─ дейилади мақолада фикрлари келтирилган Халқ таълими вазирлигининг умумий ўрта таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Эркин Муродов.

Кенгаш қай тартибда ташкил этилади?

Мақолада келтирилишича, кенгашни ташкил этиш бир неча босқичда амалга оширилади. Дастлаб ҳар бир синфда ота-оналар йиғилиши ўтказилади. Унда таълим муассасаларида кузатув кенгаши тузиш қонун-қоидалари тушунтирилиб, мактабнинг умумий йиғилишида иштирок этиш учун камида бир нафар вакил сайлаб олинади. Мазкур вакилларга йиғилиш қарори билан мактабнинг умумий йиғилишида синф ота-оналарининг манфаатларини ифода этиш, муҳокамаларда фаол қатнашиш ва қарор қабул қилиш давомида овоз бериш ваколатлари топширилади. Агар ота-оналар орасида вакилликка муносиб номзод топилмаса, аъзоликка тавсия этилмаслиги ҳам мумкин.

Шундан сўнг мактабнинг умумий ота-оналар йиғилиши ўтказилади ва унда кенгаш ҳақидаги низом, унинг мақсади, ваколатлари таништирилиб, кенгаш таркибига тавсия этилган номзодлар кўриб чиқилади ҳамда очиқ овоз бериш йўли билан сайланади. Кенгаш 7 нафардан кам бўлмаган, аммо чекланмаган тоқ сондан иборат таркибда тузилади. Унинг таркибига ўқувчиларнинг ота-оналари орасидан камида 2 нафар, собиқ битирувчилар орасидан 2 нафар ва нафақадаги собиқ педагоглар орасидан 1 нафар ҳамда ҳомийлар орасидан 2 нафар аъзо киритилади.

Мактаб директори ёки ўринбосарлари, шунингдек, уларнинг яқин қариндошлари кенгаш аъзоси сифатида сайланишига йўл қўйилмайди. Уч йил муддатга сайланадиган таркиб ҳар ўқув йили бошида қайта кўриб чиқилиши мумкин. Мазкур кенгашнинг биринчи йиғилиши туман/шаҳар халқ таълими бўлимлари томонидан ташкил этилади. Унда аъзолар орасидан очиқ овоз бериш орқали кенгаш раиси ва котиби сайлаб олинади.

Сайланган раис кенгаш йиғилишларини чақириш, ўтказиш ва унга бошчилик қилиш, чиқарилаётган қарор, тавсиянома ва баённомаларни имзолаш, уларни тўғри ва тўлиқ расмийлаштириш учун масъул ҳисобланади. Шунингдек, кенгаш йиғилиши ўтказилишидан камида 10 кун олдин аъзоларни хабардор қилиш ҳам раиснинг зиммасида. Кузатув кенгаши йиғилишлари камида уч ойда бир марта ўтказилиши шарт.

Кенгаш фаолиятига туман/шаҳар халқ таълими бўлими аралашмайди ва кенгаш унга ҳисобдор эмас. Мактаб директори кенгаш ишини ташкил қилиш, хусусан, ҳужжатларни расмийлаштириш ва сақлаш учун зарур бўлган хона, таълим муассасаси фаолияти билан боғлиқ маълумотлар ҳамда канселярия жиҳозлари билан таъминлаш учун масъул ҳисобланади.

Кенгаш ваколатлари нималардан иборат?

Кузатув кенгаши умумтаълим мактаби директори лавозимига номзод танлаш (сайлаш)да иштирок этади. Эндиликда мактаб директорлигига номзодлар кузатув кенгаши томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқланади. Бу бир неча босқичда амалга оширилади.

1-босқич: туман (шаҳар) халқ таълими бўлими ёки ҳудудий бошқарма томонидан вакант бўлган умумтаълим мактаби директори лавозими бўйича вазирликнинг ish.uzedu.uz сайтига эълон берилади.

2-босқич: туман (шаҳар) ХТБ эълон бўйича мурожаат этган номзодлар орасидан ҳудудий бошқарма орқали умумтаълим мактаби директори лавозими учун таълим муассасасидаги кузатув кенгашига камида уч нафар номзод тавсия этади.

3-босқич: тавсия этилган номзодлар кузатув кенгаши аъзолари томонидан ўрганилиб, энг муносиби очиқ овоз бериш йўли билан директор лавозимига сайланади.

4-босқич: кузатув кенгаши томонидан сайланган номзоднинг лавозимга тайинланиши тўғрисидаги туман (шаҳар) ХТБнинг расмий хати ва кенгашнинг барча аъзолари имзоси билан тасдиқланган баённома ҳудудий халқ таълими бошқармасига юборилади.

5-босқич: ҳудудий халқ таълими бошқармаси бошлиғи томонидан кенгаш баённомаси асосида сайланган ходимнинг мактаб директори лавозимига тайинланиши ҳақида буйруқ чиқарилади ва меҳнат шартномаси имзоланади.

Кенгаш аъзолари томонидан номзодга қарши овоз берилган тақдирда, уни директорлик лавозимига тайинлашни рад этиш ҳақида номзодни тавсия этган Халқ таълими вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармаларига маълум қилинади.

Шунингдек, кенгаш мактабда ижтимоий-маънавий муҳитнинг бузилиши, таълим сифатининг пасайиб кетиши, тизимли муаммолар юзага келиши, педагоглар билан маъмурият ўртасида ёки ота-оналар билан маъмурият ўртасида низоли ҳолатлар келиб чиққан тақдирда, мактаб директорини лавозимидан озод этиш бўйича ҳудудий бошқармаларга таклиф киритади.

Шу билан бир қаторда, кенгаш таълим муассасасининг молиявий ҳисоботлари, ҳомийлик ва хайрия маблағларининг кирим қилиниши ҳамда сарфланиши ҳақидаги маълумотлар билан танишиш ваколатига эга. Бу жараён ҳам бир неча босқичда амалга оширилади:

1-босқич: кенгаш раиси таълим муассасасининг тегишли даврдаги молиявий фаолияти бўйича мактаб директоридан ёки туман (шаҳар) ХТБдан тегишли молиявий ҳужжатлар — харажатлар сметаси, шартномалар, тўлов варақаларини сўраб олади.

2-босқич: кенгаш аъзолари бюджетдан ташқари маблағлар бўйича даромадлар ва харажатлар сметасини кўриб чиқиб, мактаб раҳбарига ўз таклифларини беради ҳамда тақдим этилган молиявий ҳужжатларни ўрганиб, режалар, сарф-харажатларнинг мақсадли амалга оширилганини таҳлил этади.

Шунингдек, пуллик хизматлар нархлари ва ушбу нархларнинг шаклланишига асос бўлган барча ҳисоб-китоб (калкуляция)ларни ҳамда тушган маблағларнинг харажатлар тури бўйича иш ҳақи ва ундан ажратма учун тўловларга, машғулотларни ташкил этиш учун моддий-техник базани мустаҳкамлашга, мактабнинг раҳбар ва педагог ходимларини моддий рағбатлантиришга, коммунал тўловларга мақсадли сарфланишини ўрганиб чиқиб, мактаб раҳбарига ўз таклифларини билдиради.

3-босқич: кенгаш йиғилишида (чоракда бир маротаба) мактабнинг молиявий фаолияти юзасидан мактаб директорининг ҳисоботларини тинглаб боради.

4-босқич: кенгаш аъзолари мактабнинг умумий ота-оналар йиғилишида мактабнинг молиявий фаолияти, бюджетдан ташқари топилган ва ҳомийлик маблағларининг мақсадли сарфланиши ҳақида ахборот бериб боради.

5-босқич: кенгаш аъзолари қўшимча кирим манбаларини топиш, бюджетдан ташқари тушумларни кўпайтириш, ҳомийлик маблағларини жалб этиш, молиявий фаолиятнинг шаффофлигини таъминлаш юзасидан мактаб директорига тавсиялар бериб боради.

6-босқич: мактабнинг молиявий фаолиятида ноқонуний хатти-ҳаракатлар, маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши ёки ноқонуний ўзлаштирилиши, ноқонуний пул йиғиш каби ҳолатлар аниқланган тақдирда, Халқ таълими вазирлигининг аудит хизмати ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларни хабардор қилади.

Ноқонуний пул йиғимига йўл қўйилмаслиги назорат қилинади

Кенгаш таълим муассасаси директори ва директор ўринбосарларининг бошқарув фаолияти, таълим-тарбия жараёнининг сифатли ташкил этилиши кузатади. Ўқувчилар ва уларнинг ота-оналаридан ноқонуний пул йиғимлари ундирилмаслиги бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатади. Таълим муассасасида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналаридан турли сабаблар билан кенгаш аъзолари, таълим муассасаси раҳбари ва бошқа ходимлар томонидан пул маблағларини йиғиш қатъиян тақиқланади.

Кенгаш аъзоларининг низомда белгиланмаган ваколатларга эга бўлишига, мактаб директорининг қонунда белгиланган ваколатларига аралашишига йўл қўйилмайди. Кенгаш ўз ваколати доирасига кирмайдиган ишларга аралашса, вазифаларини тўлиқ таъминлай олмаса, Халқ таълими вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан тарқатиб юборилади ва янги таркиб қайта шакллантирилади.

Худди шунингдек, кенгаш фаолиятига таълим муассасаси раҳбари, ҳудудий бошқармалар, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа ташкилотларнинг аралашувига йўл қўйилмайди. Кенгаш раиси, котиби ва аъзолари жамоатчилик асосида амалга оширадиган кенгашдаги фаолияти юзасидан интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

Top