15:40 / 28.06.2019
54733

Зарафшонда «ГАИ» бекор қилинган қоида учун жарима ундиришда давом этмоқда

Kun.uz сайтига келиб тушадиган мурожаатлар жуда кўп ва бир-биридан қизиқарли. Ана шундай мактублардан бири Навоий вилоятининг узоқ ҳудудидан, қуёшли Зарафшон шаҳридан етиб келди.

Қисқа қиламиз. Фуқаро кундузи чироқ ёқиб юрмагани учун жаримага тортиляпти. Зарафшон «ГАИ»чилари (ҳечам ЙҲХХ, ёки ЙПХ демаймиз-а, қизиқ) ёзилган жаримани тўлашни талаб қилишмоқда. Сабаби сўралганда жавоб битта: «Сиз 27 май куни қоидани бузгансиз. 4 июндан буёғига чироқ ёқиб юрилса, тўламайсиз. Олдингилари учун тўлаш шарт! Бу ҳаракатлар тўхтатилди дейсизми? Бизга ҳали бу буйруқ етиб келгани йўқ!». Бу жавоб берилган санага эътибор беринг: 27 июнь, 2019 йил!

Ҳолбуки, ОАВда, жумладан Kun.uz сайтида ҳам эълон қилинган мақолаларни барча ўқиди:

«... Кодекснинг 271-моддасига кўра маъмурий жавобгарликни белгиловчи ҳужжат бекор қилинган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса тугатилиши лозим.

Қонуннинг юқоридаги талабларидан келиб чиқиб, хулоса қилиш мумкинки, 2019 йил 4 июнга қадар ҳайдовчиларга нисбатан кундузи чироқ ёқиб юрмагани учун расмийлаштирилган маъмурий баённомалар бекор қилиниши ва маъмурий баённома бекор бўлишининг ҳуқуқий оқибатлари қўлланиши лозим.

Бунда ҳайдовчиларимиз қуйидаги 2 хил ҳолатдан бирида бўлиши мумкин:

1) маъмурий баённома тузилган, лекин ҳали жарима тўланмаган;

2) тузилган маъмурий баённома асосида жарима аллақачон тўлаб қўйилган.

Биринчи ҳолатда, ҳеч қандай баҳс ёки мунозарага ўрин йўқ, маъмурий баённомалар уни тузган органнинг ўзи томонидан бекор қилиниши лозим ва жарима тўлаш шарт бўлмайди.

Майли, Зарафшон «ГАИ»чиларининг асосий аргументи – бу қоида бекор қилингани ва жарималар ундирилмаслиги тўғрисидаги расмий ҳужжат уларга етиб келмаганини ёки бу қоида бўйича ундирувлар ҳамон амалда эканлигини ҳам қабул қилайлик. Лекин бу баҳсда иккинчи ва ниҳоятда муҳим жиҳат борки, асло кўз юмиб бўлмайди.

Бевосита мурожаат билан танишамиз:

«Биз Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида доимий руйхат асосида яшаймиз. Шартнома асосида Зарафшонда ишлаяпмиз. Машинамиз рўйхати Бухорода, давлат рақами 80.141TTF «Матиз Бест».

Дадам яқинни ёрутувчи чироқларни ёқмаганликлари учун жарима қилишганди ва ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб қўйишган. Гувоҳномасини сўраб ЙПХ ходими олдига борганида 4 июндаги қарорга асосан жаримани тўламасликларини айтганлар. Аммо Достон исмли ЙПХ ходими «биз бу қарорни билмаймиз, тўлаб келиб, «права»нгизни олиб кетасиз», деди. Эълон қилинган янгиликлар-чи, деганимизда, «бунақа қарор бизга ҳали келмаган» деяпти.

Бизга белгиланган жарима қоғозини олиб ўқиб кўрсак, қарорда кўрсатилган автомобилнинг маълумотлари мутлақо бошқа экан. Жарима қоғозидаги автомобиль русумига «Нексия 2 Сонс», давлат рақами 85.141 TTF деб ёзилган (маълумот ўрнида эслатма, мурожаатчининг автомобили 80.141TTF «Матиз Бест»)».

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида, Зарафшон пости тавсиясига кўра, Навоий вилояти ИИБ ЙҲБ 4-сафарбарлик гуруҳи командири Озодбек Ҳодиев билан боғландик. Бўлган воқеани диққат билан эшитган О.Ҳодиев бу ишни тез орада ўрганиб, биз билан боғланишини билдирди ва боғланди ҳам:

– Бу қоида амал қилишдан тўхтатилди, жарималарни ҳамон ундириш сабаби нимада?

– Бизга бу буйруқ етиб келгани йўқ.

– Жарима қоғозида бошқа автомобилга оид маълумотлар кўрсатилгани ҳолда, жарима бошқа автомобиль эгасидан ундирилишини қандай изоҳлайсиз?

– Бу энди техник хато бўлганда... Лекин аслида шу машина.

– Техник хатони ким қилган?

– ... Бу борада маъмурий амалиёт бўлими юристи билан гаплашдим, барибир жаримани тўлаш керак.

Биз ҳам маъмурий амалиёт бўлими нозири Илҳом Нурназаровга сим қоқдик. Жавоблар айтарли ўзгармади: «Бизга вилоятдан буйруқ бўлган, 4 июндан аввалги жарималар ундирилсин, дейилган».

— Жарима қоғозида бир автомобиль кўрсатилгани ҳолда, жарима иккинчи автомобиль эгасидан ундирилишини қандай изоҳлайсиз?

— Энди бу техник хатода. Инспектор хато қилган. Лекин барибир жарима шахсга нисбатан қўлланилади, нима фарқи бор?

– Ҳайдовчи чироғи ёнмаганини «техник хато» дея изоҳласа, жаримага тортмаслик мумкинми?

– Йўқ, тортилаверади.

– Раҳмат.

Мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида ИИВ йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Акмал Юнусов билан ҳам боғландик:

– Ҳолат қизиқ, лекин ЙҲХХ ходимларининг талаблари асоссиз эмас. Сабаби 9 апрелдаги ВМ қарори тўлиқ бекор бўлмади, лекин 4 июндан айнан ҳамма машиналар кундузи чироқ ёқиб юрсин, деган мажбурият бекор қилинди (2021 йилгача узайтирилди). Яъни бу бўйича олдин қўлланган жарималар ундирилиши асосли. Энди масаланинг иккинчи жиҳати – Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 9-моддасига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки бекор қилувчи ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эгадир, яъни ушбу ҳужжатлар чиққунга қадар содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолларига ҳам тааллуқлидир. Бу ўринда ҳайдовчида жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар бўлса, жарима тўламаслиги мумкин. Демак, бу борада узил-кесил нуқтани суд қўяди.

Жарима қоғозидаги хато маълумотларга келсак, мурожаатчининг эътирози асосли. Унга буни бекор қилиш бўйича ҳам судга мурожаат қилишни маслаҳат берардим.

– Ўзи 101 минг сўм жаримани тўламаслик учун судга ЭКИҲ ҳисобида давлат божи тўлаш, шунча ҳужжат тўплаш ва ойлаб судма-суд юриш фуқароларга оворагарчилик туғдирмайдими?

– Йўқ. Бундай ҳолатда судга бевосита бориш шарт эмас. Фуқаро ЙҲХХ тегишли бўлимига бориб ҳолатни тушунтирган ҳолда ариза ёзади ва ходимларнинг ўзи ишни судга олиб чиқишади. Суд асосли деб топса, жаримани бекор қилади.

Хуллас, бу масалага узил-кесил ойдинлик кирита олмадик. Қизиқ ҳолатлар: 1. Қоида бекор қилинган, лекин жарима ундириш давом этмоқда; 2. Жарима қоғозида бир автомобиль маълумотлари, лекин жаримани бошқа автомобиль эгаси тўлаши керак.

Мавзу юзасидан қўшимча изоҳларини кутиб қоламиз

Аброр Зоҳидов.

Мавзу
Фаралар можароси
2019 йил 9 апрелдаги ҳукумат қарори билан, куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шартлиги белгиланди. Жамоатчилик эътирози ортидан мазкур талаб аввалига 2021 йил 1 январга сурилди, сўнг бекор қилинди.
Барчаси
Top