16:30 / 29.06.2019
8398

Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларида битирув тантаналари бўлиб ўтди

Бугун, 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларида навбатдаги битирув муносабати билан тантанали тадбирлар ўтказилди.

Хусусан, Қуролли Кучлар академиясида ўтган тантанада Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов, Ўзбекистон халқ артисти, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Афзал Рафиқов, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Қуролли Кучлар фахрийлари, битирувчиларнинг ота-оналари иштирок этди.

Давлатимиз мадҳияси янграгандан сўнг, битирувчиларга “лейтенант” ҳарбий унвони, диплом ва кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.

Сўзга чиққанлар битирувчиларни самимий муборакбод этиб, кейинги хизматида муваффақият ва омадлар тилади.

Ўзбекистон Мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида қўшинларга йўлланма олган лейтенантлар Қуролли Кучлар шахсий таркибининг жанговар тайёргарлиги маъно-мазмунини тубдан ўзгартириш, тактик, ўқув машқларини пухта режалаштириш, уларни жанговар шароитларга имкон қадар тўла яқинлаштирган ҳолда олиб бориш тизимини такомиллаштириш, ҳарбий хизматчиларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасида бор билим ва кўникмаларини ишга солиб, ўзларининг муносиб улушларини қўшишига ишонч билдиришди.

Тантанали битирув маросимлари Мудофаа вазирлигига қарашли Ахборот-коммуникация технологиялари ва ҳарбий алоқа институти, Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юрти, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида ҳам байрамона ва кўтаринки руҳда ўтказилди.

 

Top