15:28 / 29.06.2019
30724

Одамлар нафас олишга қийналмоқда: Оқдарёда аммиак чиқиндиси ҳавони чидаб бўлмас даражага келтирган

Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги Бошдархон маҳалласи аҳли ўзлари истиқомат қилаётган ҳудудда ҳаво ва сув ифлослиги сабабли яшаш қийинлашиб бораётганидан шикоят қилишди. Ижодий жамоамиз билан айтилган ҳудудга бориб, аҳоли билан суҳбатлашарканмиз икки соатга етар етмас иккимизнинг ҳам «мазамиз қоча бошлади». Бу ернинг ҳавосига чидаб бўлмасди (Сувидан-ку ичмадик). Хўш, ўзи гап нимада? Қандай қилиб мазкур ҳудуд ҳавоси бу қадар заҳарли, нега ичимлик сувидан одамлар норози? Ва ниҳоят асосий савол — шунча аҳоли бу ердаги ичимлик суви соғлиғига зарар етказаётгани ҳақида бир йилдан бери шикоят қилиб келаётган экан, наҳотки тегишли идоралар сув таркибини текшириб кўришмаган?

Видео: Youtube

 Видео: Mover (tas-ix)

Текширилган! Бир неча марта текширилган ва қатор зарарли моддалар ҳаддан ташқари кўпайиб кетгани тасдиқланган. Аммо текшириш натижалари ҳам, ана шу натижалар илова қилиб қатор идораларга юборилган хатлар ҳам муаммога ечим топмаган.

Ушбу аҳоли истиқомат қилаётган ҳудуддаги ичимлик суви таркиби ҳақида жорий йил 17 июнда Самарқанд вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан вилоят «Сувоқова» давлат унитар корхонасига юборилган маълумотдан ҳам билиш мумкин:

Бошқарма маълумотида ҳудуддан олинган сув таркибидаги таҳлилга кўра, умумий темир миқдори – 109дан 136 мартагача кўп чиққан. Шунингдек, муаллақ заррачалар 54дан 9 мартагача, азот аммоний 17дан 5,86 мартагача, нитрат 12,4дан 8 мартагача, фосфат 86дан 4,6 мартагача, сульфатлар 9,54дан мартагача ортиқлиги аниқланган. Шунингдек, «Сувоқова» ДУК томонидан бизга тақдим этилган маълумотда эса сув таркибидаги азот аммонийси 88 мг.гача (меъёр бўйича 5 мг. гача бўлиши керак), темир моддаси эса 12 мг (меъёр 0,11 мг) экани аниқланган. Бошқа зарарли моддалар миқдори ҳам булардан кам эмас. Айтиш керакки, бу каби таҳлиллар жуда кўп марта ўтказилган, аммо ҳеч қандай амалий ҳаракат амалга оширилмаган.

Гап шундаки, Бошдархон қишлоғи ёнидан ўтган Оқдарё дарёсининг қарама қарши соҳилидаги Фарҳод шаҳарчасида Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан бундан бир ярим йил олдин ишга тушган замонавий сув тозалаш иншооти бор. Бу иншоотнинг вазифаси Фарҳод шаҳарчасида ҳосил бўладиган оқова сувларни биологик йўл билан қайта тозалашдан иборат. Тозаланган сув Оқдарёга қуйилади. Ҳамма муаммо ана шу иншоот томонидан дарёга қуйилаётган сувнинг аслида тоза эмаслигида. Иншоот сувининг тоза эмаслигини вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳам тасдиқлаган.

Энди навбатдаги савол: Қандай қилиб 3 миллион АҚШ доллари эвазига Евростандарт асосида қурилган, энг замонавий деб бонг урилган иншоот сувни тозалай олмаяпти? Иншоотнинг очилиш маросимида энди узоқ йиллар Фарҳод шаҳарчаси, Оқдарё ва Жомбой туманининг атрофдаги маҳаллаларида оқова билан боғлиқ экологик муаммолар юзага келмаслиги қайта-қайта таъкидланган эди. Энди эса айнан шу ҳудудлар сув ифлослигидан азият чекяпти (дарвоқе, мақолани тайёрлаш жараёнида Жомбой туманининг ҳам шу ҳудудга яқин қишлоқлари аҳолиси шу муаммо юзасидан мурожаат қилишди). Жумладан, иншоотни фойдаланишга топширишда иштирок этган Жаҳон банки вакили Девид Лорд оқова сув билан боғлиқ муаммоларнинг юзага келмаслигига умид билдирганди. Хусусан, айнан мазкур иншоотнинг ўзига 3.118.606 АҚШ доллари сарфланганини маълум қилган эди. Хўш, нега бир-икки йил ичида бунча катта маблағ ҳавога учиб кетди? Энг асосийси, аҳоли нима сабабдан экологик муаммодан азоб чекмоқда?

Модомики сувни тозалай олмас экан, шунча маблағ сарфлаб қуришнинг нима кераги бор эди?

«Сувоқова» ДУК вакиллари ҳолатга изоҳ беришди. Ташкилот вакилларига кўра, Фарҳод шаҳарчасидаги «Райс продакшн бизнес» масъулияти чекланган жамиятига қарашли ширинмия илдизини қайта ишловчи заводдан чиқаётган оқова сувлар ҳам мазкур иншоотга келиб тушиши экологик тарангликка сабаб бўлмоқда. Чунки ушбу заводдан келаётган сувда кимёвий моддалар, хусусан аммиак миқдори меъёрдагидан анча юқори. Сув тозалаш иншооти эса, сувни биологик йўл билан тозалашга мослашган. Сув иншооти нафақат юқоридаги заводдан келаётган сувни тозалай олмайди, балки, ана шу заводнинг аммиакли оқоваси таъсирида сувни тозалашда ишлатиладиган бактерияларидан ҳам маҳрум бўлиб қолади. Қоидага кўра, таркибида кимёвий моддалар бўлган оқова сувлар аввал заводнинг ўзида қайта ишланиб, фильтрланиб, кейин сув иншоотига юборилиши керак. Аммо заводда бундай ускунанинг ўзи йўқ. Ана шу тарзда биринчидан, улкан маблағ эвазига қурилган сув иншооти ўз вазифасини тўлиқ бажара олмайди, иккинчидан, дарёга ифлос сув қуйилиб, табиатга, одамлар ҳаётига зарар миқдори кундан-кун ошиб бораверади. Сув тозалаш иншооти «Райс продакшн бизнес» масъулияти чекланган жамиятига бу бўйича бир неча марта огоҳлантириш берган — натижа йўқ.

Иншоотнинг дарёга қуйиладиган қисмида бўлганимизда дарёга қуйилаётган тозаланмаган сувни ўз кўзимиз билан кўрдик. Тез орада атрофдаги маҳаллаларда истиқомат қилувчилар етиб келишди: барча дарё сувининг ифлослигидан норози. Аҳоли битта завод фаолиятининг қатор қишлоқларда яшаётган ўн минглаб одамлар ҳаёти ва соғлиғидан устун эканига ишонмайди, албатта (биз ҳам). Шу учун ҳам улар қатор идораларга шикоят қилишган. Аммо бу шикоятлар ҳеч қандай натижа бермаётгани барчани ташвишга солмоқда.

Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси вакили муаммонинг ижобий ечим топишидан бошқарма ҳам манфаатдор экани, аммо бу заводга осонликча кириб бўлмаслигини маълум қилди. Хўп, агар шундай бўлса, бошқарма раҳбариятининг имзоси билан тасдиқланган бир қатор хатларда муаммо сув иншоотининг меъёрдан ортиқча оқовани қабул қилаётганида деб кўрсатилган. Бошқарма муаммога ечим сифатида сув иншоотининг меъёрдан ортиқ қабул қилинган сувлар учун (кимёвий моддаларга тўйинган сув учун эмас) компенсация тўловларини ошириш лозимлигини тавсия қилган. Заводдан чиқаётган «химикат»ли сувга эса тўхталмаган.

Вилоят «Сувоқова» давлат унитар корхонаси вакилларининг маълум қилишича, бугунга қадар улар томонидан бир неча марта «Райс продакшн бизнес» масъулияти чекланган жамиятига айни муаммо юзасидан хат юборилган, огоҳлантирилган, аммо натижа бўлмаган. Ҳатто бир марта завод оқова сув тармоғи узиб ҳам қўйилган. Аммо шартномани бир томонлама узиш ҳуқуқи бўлмагани сабабли қайта улашга мажбур бўлган. Худди шундай, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ҳам, аҳоли томонидан ҳам «Райс продакшн бизнес» масъулияти чекланган жамиятига мурожаатлар қилинган. Биз бу тилларда достон корхонага ҳам бордик, лекин катталар йўқ эканини айтишди.

Мазкур муаммо юқорида айтилганидек, аҳолини бир йилдан ортиқ вақт давомида қийнаб келмоқда. Тўғри, юқоридаги завод қизилмия илдизини қайта ишлаб, хорижга экспорт қилмоқда. Аммо даромад минглаб одамларнинг саломатлиги эвазига бўлишига ҳеч ким рози бўлмаса керак...

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ, Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ,
Kun.uz мухбирлари

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top