14:00 / 01.07.2019
7591

Самарқандда мансаб суиистеъмоли билан боғлиқ жиноятлар ортидан давлатга 22 млрд сўмдан зиёд зарар етказилган

Самарқандда мансаб суиистеъмоли билан боғлиқ жиноятлар ортидан давлатга 22 млрд сўмдан зиёд зарар етказилган. Бу ҳақда Самарқандда Халқ депутатлари вилоят кенгашининг олтмиш тўртинчи сессиясида айтилди. 

Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан вилоят прокурори Фарҳод Зуфаров ахборот берди.

Маълум бўлишича, вилоятда жорий йилнинг олти ойи давомида коррупцион ҳолатлар билан боғлиқ мансабдор шахсларга нисбатан 53та жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятлар оқибатида давлатга жами 22 миллиард сўмдан зиёд зарар етказилган. 

Прокурор ўз ахборотида бюджет маблағлари талон-торож қилиш билан боғлиқ коррупцион ҳолатларни олдини олиш бўйича етарлича иш қилинмаётганини қайд этди. 

Маълумот учун, Самарқанд вилоятида коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия раҳбари — вилоят прокурори Фарҳод Зуфаров ҳисобланади.

Сессияда вилоятда фаолият кўрсатаётган судларнинг (жиноий, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий) 2019 йил 6 ой давомида амалга оширилган ишлари тўғрисидаги ахбороти тингланиши керак эди.

Бироқ, сессияда маъруза қилиши лозим бўлган Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раиси Олим Ҳайитов йиғилишга келмагани сабабли сессия раиси Эркинжон Турдимов ЖИБ вилоят судининг раиси ўринбосарига маъруза ўқишга йўл қўймади.

Top