20:02 / 02.07.2019
9697

Кўп қаватли уйларда ширкатлар профессионал бошқарув компаниялари шаклига ўтиши мумкин

Кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи фуқаролар хонадонларда юзага келаётган носозликларни бартараф этиш бўйича ширкатлар фаолиятидан норози бўлмоқда. Айниқса, сантехник хизмати жуда оғриқли масала ҳисобланади. Шу каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида ширкатлар фаолияти тўхтатилиб, профессионал компаниялар иш бошлайди. Бу ҳақда бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган анжуманда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Баҳодир Қаҳҳоров айтиб ўтди.

Қаҳҳоровга кўра, профессионал компаниялар «Ширкатлар тўғрисида» ги қонун кучга киргандан сўнг иш бошлайди. Айни вақтда ушбу ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўқишдан ўтяпти. Шунга мувофиқ, уй-жой кодексининг ҳам тегишли моддаларига ўзгартириш киритилгандан кейин компаниялар аҳолига хизмат кўрсата бошлайди.

Бошқарма бошлиғи Қаҳҳоров профессионал компанияларнинг ширкатлардан афзаллик жиҳатларини қуйидагича изоҳлади:

«Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати таркиби кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи нопрофессионаллар томонидан бошқарилади. Ширкат фаолияти уларнинг асосий иши эмас. Шу сабабли назорат ҳам суст олиб борилади. Бошқарув тўғри йўлга қўйилмаганидан кейин қатор муаммолар келиб чиқяпти. Бу муаммоларни ҳисобга олиб, профессионал бошқарув компанияларини ташкил қилишга қарор қилдик. Ушбу компанияларда соҳасининг мутахассислари тун-у кун хизмат кўрсатади» .

Вазирлик вакилининг таъкидлашича, маълум тўлов амалга оширилгандан кейин, ўз навбатида, фуқаролар истеъмолчи сифатида хизмат сифатини талаб қилолади, чунки бу компаниялар тадбиркорлик субъекти ҳисобланади. 

«Уларнинг таркиби қандай тузилиши тўлиқ назоратга олинади ва маълум талаблар қўйилади. Профессионал компаниялар нафақат халқ учун, балки бизга ҳам фойдали, чунки ширкатлар бўйича мурожаатларга жавобан вазирлик улар(ширкатлар)га чора кўриш ваколатига эга эмас (тадбиркорлик субъекти бўлмагани учун). Натижада, вазирлик аҳоли мурожаатларини ижобий ҳал қилишга қийналмоқда», — дейди Қаҳҳоров.

Top