Ўзбекистон | 13:22 / 01.08.2022
4074
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда коммунал тўловлар учун ундирилган пулларни ўзлаштирган ширкатлар аниқланди

Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилди.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрининг Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларида коммунал тўловлар учун ундирилган пулларни ўзлаштирган ширкатлар аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Юнусобод туман бўлими томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган.

Унда, “S.K.” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати моддий жавобгар шахслари хонадон эгаларидан коммунал тўловлари учун ундирилган жами 269,8 млн сўмни банк кассасига кирим қилмасдан, талон-торож қилгани аниқланган.

Шу каби, Мирзо Улуғбек туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган.

Унда, “Ғ.С.” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбари Д.С. аҳолидан коммунал тўловлари учун ундирилган 95,2 млн сўм нақд пулни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилди.

Маҳкама хабарида айтилишича, ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид