21:40 / 02.07.2019
4827

Навбатдаги Халқаро армия ўйинларидан қандай натижалар кутяпмиз? Ютуқ ва камчиликларимиз ҳақида

Ўтган Халқаро армия мусобақаларида “1-ўринни мезбон ҳарбий хизматчилари қўлга киритишган бўлса...”, деган жумладан сўнг кейинги ўринларда ўзбек армияси вакиллари жамоасининг номи зикр этиляпти.

Айтиш жоизки, сўнгги бир йил ичида Умумармия ўйинларига ҳамда Халқаро мусобақаларга қатнашадиган ҳарбий хизматчилар Мудофаа вазирлиги миқёсида жиддий уч босқичли махсус саралашдан ўтказиляпти. Бу жуда яхши, албатта.

Аммо хорижий давлатлар армияси вакиллари мазкур нуфузли мусобақаларга йил-ўн икки ой тайёргарлик кўришади. Бизда саралаш кўзда тутилмаган ва жамоавий қатнашиши лозим бўлган ҳарбий хизматчилар чемпионатга тайёргарликни бир ярим ой қолганда бошлашади.

Камчиликларимиз ҳақида гапирадиган бўлсак, мусобақалар ўтказилаётган чет давлатдан туриб, ўзбек аскарининг ҳаракати ва руҳиятини фото ва видеоматериаллар орқали етарлича очиб беролмаяпмиз. Оддий мисол, бу йилги Халқаро ўйинларнинг 14 та тури бўйича мусобақада қатнашамиз. Ҳар бир давлатнинг ўз мухбири жамоасига ғалаба тилаб, қайноқ жараённи қадамма-қадам ёритиб боради. Бизни мухбир ва операторларимиз эса аэропортдан жой қилиб олади ёки интернетдан ўзга манбага таяниб олинган фото ва видеоматериаллар Ўзбекистон бўйлаб тарқатилади.

Яна бир мисол. 1 июль куни Kun.uz  нашри орқали Ўзбекистон ҳарбийлари Қозоғистонда ўтказилган «Чўл бургути» халқаро ҳарбий машғулотларида қатнашгани ҳақида хабардор бўлдик. Хўш, нима сабабдан Қозоғистонга кетаётган ўзбек ҳарбий делегациясига ўз мухбиримизни қўшиб юбормаяпмиз?

Йўқ, юбормаймиз, чунки унда ҳар доим аэропорт ёки темирйўл вокзалидан карнай-сурнайлар садоси остида кутиб олиш завқини йўқотиб қўямиз.

 Халқаро армия ҳамда Умумармия ўйинларида ҳамиша биринчиликни мезбон жамоа қўлга киритади.

Маълумотларга кўра, бу йилги «Қўшин разведкачилари аълочилари» халқаро мусобақасига Хиндистон мезбонлик қиларкан. Шу боис мазкур мусобақада қатнашадиган ҳарбийларимиз ва раҳбарият тайёргарлик учун иссиқликда ҳинд сарҳадига тенглаша оладиган «Бухоро» полигонини танлашибди. Мана бўларкан-ку.

Ўзбек разведкачилари Россия Федерациясининг Сибирь ҳудудларида бўлиб ўтган халқаро мусобақада кетма-кет икки йил (2017 ва 2018 йилларда) 100 дан ортиқ жамоалар ичида 3-ўринни қўлга киритган.

Халқаро армия ўйинлари Бутунжаҳон мамлакатлар Қуролли Кучлар ўртасида ўзбек армияси қудратини ва рейтингини кўтаришга хизмат қиляпти, десак хато бўлмайди.

2017/2018 йиллардаги Халқаро армия ўйинларида қайд этилган натижаларни қуйида кўришимиз мумкин.

Ўзбекистон ҳарбийлари томонидан 2017/2018 йилларда

III ва IV Халқаро армия ўйинларида қайд этилган натижалар

Изоҳ: Халқаро мусобақа қоидаларига кўра, қатнашувчи давлат армияси вакиллари биринчи йили кузатувчи (ўрганувчи) сифатида иштирок этиб, мусобақа шартлари билан яқиндан танишади.

2019 йил учун эса янада юқори натижалар кутяпмиз. Ўзбекистон армияси ҳамиша биринчи бўлишига тилакдошман. 

Ғайрат Мадраҳимов,
ҳарбий журналистика курси битирувчиси.

Top