Ўзбекистон | 23:29 / 25.08.2020
23778
2 дақиқада ўқилади

Қўқонда халқаро армия ўйинларининг “Йўл патрули” мусобақаси тантанали равишда очилди — фотогалерея

Ўзбекистон VI Халқаро армия ўйинларига мезбонлик қилмоқда. Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида Халқаро армия ўйинлари доирасидаги “Йўл патрули” мусобақасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон илк маротаба мезбонлик қилаётган “Йўл патрули” мусобақасида Россия Федерацияси ва Беларусь Республикаси Мудофаа вазирликларининг жамоалари иштирок этмоқда, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

“Йўл патрули” мусобақасининг ҳакамлар ҳайъати таркибига бош ҳакам сифатида полковник Зафар Бозорбоев тайинланган. Шунингдек, ҳакамлар ҳайъати таркибига Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда иштирокчи давлатларнинг бой тажриба ва малакага эга офицерлари тайинланган.

Майдонга мусобақа ҳакамлар ҳайъати ва иштирокчи жамоалар кириб келди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи ҳамда Халқаро Армия ўйинлари байроғи олиб кирилди.

VI Халқаро армия ўйинлари доирасидаги “Йўл патрули” мусобақасининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев иштирок этди ва мусобақа иштирокчиларини самимий қутлади.

Тадбирда шунингдек, ҳарбийларнинг оила аъзолари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, фахрийлар ва ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларидаги мавжуд махсус техникаларнинг кўргазмали ўтиши ҳавола этилди.

Ҳарбий хизматчилар мазкур техникаларнинг юқори имкониятларидан фойдаланган ҳолда, уларни моҳирона бошқариш имкониятларини кўрсатиб берди.

Мусобақада Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Андижон, Фарғона, Наманган вилоятлари бўлимлари ўқувчилари бошқарувидаги спорт техникаларининг чиқишлар қилди.

Очилиш маросими санъат усталарининг байрам концерт дастури билан давом этди.

Мавзуга оид