23:25 / 02.07.2019
20708

Халқ таълими вазирлиги Наманганда ўқитувчилар бетон қуйишга жалб этилиш ҳолатини назоратга олди

Халқ таълими вазирлиги Наманган вилояти, Косонсой туманида жойлашган 54 та мактаб ўқитувчиларини мажбурий меҳнатга жалб этилганлиги ҳақидаги хабарларни ўрганмоқда. Бу ҳақда вазирлик Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, Вазирнинг Ҳуқуқий-назорат хизмати ходимлари мазкур хабарларни ўрганиб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги доирасида ушбу вазиятга йўл қўйганларга чора кўради.

“Халқ таълими вазирлиги ўқитувчиларнинг шикоятларини қабул қилувчи виртуал инспекторни ишга туширган. Ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилганида, ҳуқуқлари бузилганда ёки турли тўловларга мажбурланган ҳолатларда ovoz.uzedu.uz сайти ёки +998 99 988 10 06 телефони ва телеграм рақамига мурожаатларини юборишлари мумкин”, - дейилади хабарда.

Бундан аввалроқ 29 июнь куни Наманган вилоятининг Косонсой туманида бир гуруҳ ўқитувчилар бетон қуйиш ишларига мажбурий жалб этилгани ҳақида хабар берилган эди.

Top