20:56 / 03.07.2019
23198

Тарихий ҳақиқат изидан: Шаҳрисабздаги «Малик Аштар» обидаси ҳақида нималар маълум?

Ўзбекистон тарихий обидалар юрти десак муболаға бўлмайди. Тарих чиғириқларидан ўтган бу осори атиқалар миллат ўтмишидан сўзлайди. Улар ўз бағрига олган ҳар бир нақш, ҳар бир ғишт, ҳар бир ёғоч сизни ўз даврига етаклайди. Тарихий обидалар Ўзбекистондаги исталган ҳудудда топилади. Уларнинг ҳар бирида ўзига хос сир, ўзига хос тарих яширин. Қуйида сўзламоқчи бўлганимиз тарихий обидалардан бири Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган. Минг афсус билан айтиш керакки, у ҳақида жуда кўп маълумот мавжуд эмас. Бу “Малик Аштар” масжидидир.

Шаҳрисабзликлар тилида “Малик Аждар”га айланиб кетган “Малик Аштар” масжидининг номи арабча “Молики уштур” сўзидан келиб чиққанлиги айтилади. Бунинг маъноси “Туядор” бўлиб, яъни масжид, савдо карвонларида қатнайдиган кўплаб туяларга эга бўлган бой томонидан қурдирилган. Чамаси, масжид қурилмасдан аввал бу ҳудудда VIII — X асрларда зиёрат қилинадиган қадимий дафина-қабр жойлашган бўлиши мумкин.

Ҳозирда “Малик Аштар” масжиди ҳовли атрофи бўйлаб жойлашган масжид ва ҳужралардан ташкил топган иншоотлар мажмуасидан иборат. Уларнинг энг аҳамиятлиси хонақо бўлиб, гумбази яқин-атрофдаги уйларнинг томларидан баландроқ. Меъморий ечими маҳалла масжидларига хос.   Масжид биноси XIX аср охирига келиб тўла шаклланган.

Айрим тарихий манбаларда “Малик Аштар”нинг масжид билан бирга, карвонсарой бўлгани қайд этиб ўтилган. Буни масжид хонақоси билан туташ майда ҳужралардан ҳам билиш мумкин. Улар сони йигирмадан ошади. Қолаверса, масжид ҳовлисида қадимий супалар ҳам мавжуд.

Малик Аштар масжиди ЮНЕСКОнинг “Умумжаҳон мероси” рўйхатига киритилган Шаҳрисабздаги 19 та ёдгорликдан бири ҳисобланади. Айни вақтда жомеъ масжиди сифатида фойдаланилади.

Мамлакатимиздаги тарихчи олимлар “Малик Аштар” ёдгорлигини ўрганишса, илмий изланишлар, тадқиқотлар қилишса, мақсадга мувофиқ бўларди. Биз “Тарихий ҳақиқат изидан” рукни орқали эълон қилаётган туркум материаллар орқали тарихчилар, ёш олимлар ва қизиқувчиларни мавзу бўйича ўз фикрларини билдиришга чорлаб қоламиз.

Сарвар Анвар ўғли тайёрлади

Top