09:42 / 06.07.2019
43344

Самарқандда трамвайдаги йўловчилар юзига суюқлик сепиб қочиш ўсмирларнинг пранки бўлиб чиқди. Улар кечирим сўрашди

Фото: Видеодан кадр

Самарқанд шаҳрида юзига ҳимоя ниқоби тақиб олган шахснинг трамвайга чиқиб, йўловчиларга номаълум суюқлик сепгани ва бунинг натижасида бир неча йўловчининг ҳушидан кетгани пранк бўлиб чиқди. 

Интернетда Самарқанд шаҳрида содир бўлган ноодатий воқеа тасвирланган видео эълон қилинди. Унда ёш йигитнинг трамвайга чиққани ва бир неча сониядан сўнг қайтиб чиққани, унинг ортидан трамвайдаги одамлар ҳам ташқарига отилгани кўринган. Ушбу ҳодиса Темирйўл вокзали-Сартепа йўналишидаги 1-трамвай Чой қадоқлаш фабрикаси бекатида тўхтаб турган вақтида содир бўлган.

«Одамлар, бу шунчаки пранк (ҳазил) эди, биз бундай реакция бўлади, деб ўйламагандик... Биз шаҳардаги ғалва учун кечирим сўраймиз. Гўёки ҳушидан кетган барча шахслар бизнинг актёрларимиз, баллонча эса шунчаки ҳавони тозаловчи восита эди. Ҳеч ким зарар кўрмади. Одамлар буни билиши учун ушбу хабарни максимал тарзда улашинг», - дея ёзишган улар Instagram’даги саҳифасида.

 

Top