20:17 / 08.07.2019
66570

Ўзбекистонга қандай саноат сиёсати керак?

Жаҳон банкининг катта иқтисодчиси Эскандер Трушиннинг тадқиқотлари натижаси бугунги Ўзбекистон учун жуда муҳим. Биз навбатдаги марта айро йўл устида қолдик. Хўш, биз қайси йўлдан юришимиз керак: имтиёзлар тақдим этиш, импорт учун тўсиқлар ўрнатиш, иқтисодиётга оммавий равишда давлат ва ярим давлат инвестицияларни жорий этиш воситасида рақобатни чеклаш ҳамда «миллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоялаш» йўли биланми ёки хусусий тадбиркорлик юритиш харажатларини қисқартиришга йўналтирилган рақобат олдидаги ҳар қандай маъмурчилик, ҳар қандай тўсиқларни бартараф этувчи ижобий бизнес-иқлим яратиш йўлими?

Биринчи йўлдан кўп йиллар ва ўн йилликлар давомида бирор муваффақият нишонасисиз юриб келгандекмиз. Бир қарашда, бу йўл ҳеч қаерга олиб бормаслиги кундек равшан. Лекин ундай эмас, деб фикрловчилар ҳам топилмоқда. Гарчи бироз бошқача кўринишда бўлса ҳам, эски сиёсат давом этмоқда.

Бунга иккита сабаб бор.

Биринчидан, эски тизимда ўзини сувдаги балиқдек ҳис қилган, турли фойдали даромадлар чиқариб олиш имконига эга бўлган инсонлар ва ижтимоий гуруҳлар «янги рельслар»га ўтишга қарши. Улар, табиийки, бозор ислоҳотларига тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатишади.

Иккинчидан, 10 йил, 20 йил аввал иқтисодиётни бошқарган айрим инсонлар уни ҳамон бошқаришда давом этишмоқда. Улар шунчаки бошқачасига бошқаришни билишмайди. Эски услубдаги давлат бошқарувчилари иқтисодиётга таъсир ўтказишнинг фақат икки йўлини билишади: тақиқлаш ва имтиёзлар тақдим этиш.

Шунинг учун яна бир карра ечими гўёки аввалроқ топилган масалага қайтишга тўғри келмоқда. Жаноб Трушиннинг мақоласи ва божхона тўловларини ошириш борасидаги сўнгги воқеалар мени унинг тақдимотида айтиб ўтганим айрим мулоҳазаларга ундади. Ушбу мақола — ўша мулоҳазаларнинг қисқача баёни.

Саноат сиёсати қандай усуллар билан ўтказилди?

Мен жаноб Трушиннинг бир фикрига қўшилмайман — 1996 йилдан 2016 йилгача Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш йилига 5 фоиз атрофида (ислоҳотларгача бўлган сўнгги йилларда ҳаттоки 8-9 фоиз) бўлганига. Бундай маълумотларни ўзимизнинг статистикамиз тақдим этган ва буларнинг реал ҳолат билан ўхшашлиги йўқ, иқтисодий ўсиш статистикаси шунчаки осмондан олиб «чизилган», буни амалдаги президент ҳам бир неча марта гапириб ўтди. Ўсиш даражаси қандай бўлгани-ю, ўзи ўсиш бўлган-бўлмаганини ҳеч ким билмайди. Кимдир ҳукумат «қўш бухгалтерия» юритгани, бирини биз учун (сохтаси), бошқасини ўзи учун (сохталаштирилмаган статистика) юритган, деб ўйласа адашади. Таассуфки, ишларнинг реал аҳволи раҳбариятимизни мутлақо ташвишлантирмаган ва махфий «тўғри» статистикани ҳеч ким юритмаган.

Лекин биз аниқ айта оламизки, 1996–2016 йиллар даврида ҳукумат томонидан яратилган турли стимул ва ричаглар таъсири остида Ўзбекистон иқтисодиётга улкан инвестициялар жалб қилинган: ҳам давлат, ҳам хусусий. Баъзи йиллари бу инвестициялар ҳажми ЯИМнинг 30 фоизидан ҳам ошган. Булар жуда залворли рақамлар.

Бу қадар муҳим инвестицияларнинг моддий таъминоти учун 1996 йилдан бошлаб даромадлар ва ресурсларнинг фаол қайта тақсимот сиёсати ўтказилган ва у муаллифларнинг ўйига кўра Ўзбекистон саноатининг шиддатли равнақига ҳисса қўшиши лозим эди.

Гап аввало сиёсатнинг ушбу воситалари ҳақида бормоқда:

1. 2017 йилнинг сентябрига қадар амал қилган валюта режимига кўра экспортчилар ўзининг валюта тушуми ёки унинг бир қисмини ўзлари учун зиёнли бўлган расмий айирбошлаш курси бўйича сотишлари лозим эди. Мажбурий сотув механизмидан тушган валюта асосан импорт асбоб-ускуналар харидига сарфланиши керак бўлган. Яъни, экспортчилар асбоб-ускуналар импортчиларини субсидиялаштиришган, бу эса замонавий технологияларга инвестицияларнинг ўсишига хизмат қилиши керак бўлган. Амалда экспортчилардан олинган валютанинг катта қисми «танланган» импортчилар ва коррупциялашган мансабдорларнинг чўнтагига йўл олган.

2. Ғалла ва пахта экинларига давлат буюртмаси. Ҳукумат агроишлабчиқарувчиларни (ширкатлар ва фермерлар) ғалла ва пахта экишга мажбурлаб, ҳосилни паст нархларда сотишга мажбурлаган. Пахта сотишдан валюта даромадлари худди бошқа экспортдан тушган даромадлардек, асбоб-ускуналар импортчиларини субсидиялашга кетган. Бу қишлоқ хўжалигидан даромадларни саноатга қайта тақсимлашнинг худди сталинча саноатлаштириш йилларидаги усулларни эслатиб юборувчи муҳим канал бўлган.

Саноатлаштириш йилларининг энг юқори чўққисида агроишлабчиқарувчилар учун ғалла ва пахта етиштиришга ҳайдаладиган ерларнинг 80 фоизи ажратилган.

3. Давлат инвестициялари ва субсидиялари. Давлатнинг ўзи бюджетдан «иқтисодиётнинг стратегик соҳалари»ни ривожлантиришга йирик маблағларни инвестиция қилган, шунингдек, саноатда фойдаланиладиган айрим ресурс турларига паст нархларни субсидиялаган. Бу ҳолатда «донорлар» сифатида юқори солиқ тўлаган аҳоли ва мамлакат бизнеси «ёрдам»га келган.

4. Солиқ имтиёзлари берилиши. «Стратегик соҳалар» корхоналари солиқларнинг бир қисмини тўлашдан сахийларча озод қилинган. Бинобарин, бу ҳам бошқа солиқ тўловчиларга солиқ юки ошишига олиб келган.

5. Имтиёзли кредитлар. Марказий банк асосан саноатлаштириш мақсадларига, шунингдек, давлат буюртмалари туфайли заифлашган қишлоқ хўжалигини субсидиялаш учун кредитларнинг фоиз ставкаларини мажбурий тарзда чеклаб турган. Саноатлаштириш «донорлари» сифатида бу ерда молиявий сектор, аҳоли ва бизнес хизмат қилган. Улар инфляция туфайли ўз банк омонатларининг қадрсизланишига компенсация ҳам ололмаган, чунки банклар кредитлар бўйича пасайтирилган фоиз ставкалари туфайли омонатлар бўйича адекват фоизлар тўлашга қурби етмаган.

6. Протекционизм сиёсати. Стратегик соҳалар конвертацияни чеклаш, юқори божхона тўловлари ва импорт учун маъмурий тўсиқлар орқали импорт билан рақобатга киришишдан ҳимоя қилинган. Пировард натижада, давлат ҳимоясига олинган корхоналар монополистга айланган ва ўз маҳсулотларига нархларни истаганича ошириш имконига эга бўлишган. Монопол юқори нархлар учун тўловни яна аҳоли ва бизнес амалга оширган.

Шундай қилиб, «ўзбек иқтисодий модели» ҳукмрон бўлган йилларда саноатнинг алоҳида соҳалари ва корхоналарига ўта йирик ресурслар тақсимлаб берилган, улар ғояга кўра Ўзбекистонни буюк санаот давлатига айлантириши лозим эди.

Мамлакатга гиперфаол саноат сиёсати нима берди?

Бироқ биз бутунлай тескари натижага эга бўлдик. Амалда иқтисодиётнинг аксилсаноатлаштирилиши юз берди, чунки киритилган инвестициядан қайтган фойда жуда кам (баъзан манфий) эди. Расмий статистикага кўра, 2017 йилда Ўзбекистон саноати томонидан 1 АҚШ доллари 8000 сўм курсида киши бошига 289 доллар қўшилган қиймат ишлаб чиқарилган. Таққослашлар шуни кўрсатмоқдаки, аҳоли жон бошига ҳисобланганида Ўзбекистон саноат сектори собиқ СССР давлатлари ичида энг кам ривожланганларидан биридир. Гўёки «саноатлаштиришдан жудо этилган» Эстония ҳар бир аҳолиси жон бошига саноатни ривожлантиришга улкан маблағлар сарфлаган Ўзбекистондан 16 баробар кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқармоқда.

2017 йилда аҳоли жон бошига саноатда яратилган қўшимча қиймат ҳажми, АҚШ долларида

Манба: Жаҳон банки маълумотлари. Ўзбекистон бўйича ҳисоб-китобда 1 АҚШ доллари 8000 сўмдан ҳисобланган.
* Тожикистон бўйича маълумотлар 2016 йилники, Туркманистон бўйича — 2015 йилники

Лекин бу рақамлар Ўзбекистоннинг 1996 йилгача бошқа давлатлардан ортда бўлгани ортидан келиб чиққан бўлиши мумкинми? Афсуски йўқ. Агар саноатда 1995 йилдан 2017 йилгача яратилган қўшимча қиймат ҳажми доллар ифодасида қандай ўзгаргани ҳисобланса, Ўзбекистондаги ўсиш кўрсаткичи собиқ СССРдаги кўплаб давлатлардан ортдалигига гувоҳ бўламиз. Агар ўша Эстония билан таққос давом эттирилса, 1995 йилда Ўзбекистон билан кўрсаткич фарқи анча кам — 6 баробар бўлган. Яъни, Эстония ва собиқ СССРнинг бошқа давлатлари (Украинадан ташқари) саноати аҳоли жон бошига Ўзбекистондагидан тезроқ ривожланган. Боз устига, кўплаб давлатларда анча тезроқ.

1995 ва 2017 йилларда аҳоли жон бошига саноатда яратилган қўшимча қиймат ҳажми, АҚШ долларида

* Тожикистон бўйича маълумотлар 2016 йилники, Туркманистон бўйича — 2015 йилники
Манба: Жаҳон банки маълумотлари. Ўзбекистон бўйича ҳисоб-китобда 1 АҚШ доллари 8000 сўмдан ҳисобланган.

1996 йилдан буён мамлакатда амалга оширилган сиёсат оқибатларидан бири — Ўзбекистондаги паст турмуш даражасидир. Агар 1 доллар 8000 сўмдан ҳисобланса, Ўзбекистонда 2017 йилда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ 1000 доллардан пастроқни ташкил этган. Бу кўрсаткич билан биз Африканинг 25 давлати, Ҳаити, Афғонистон, Непал ва Тожикистон билан бирга жаҳоннинг энг қашшоқ 30 давлати сирасига кирамиз. Агар МДҲ давлатларининг аҳоли жон бошига ЯИМи динамикасига қаралса, бизда бу кўрсаткич 1996 йилдан буён энг ёмони бўлганини кўриш мумкин.

1995–2017 йилларда аҳоли жон бошига ЯИМ, АҚШ долларида

Манба: Жаҳон банки

Саноат сиёсатининг барбод бўлиши сабаблари

Бу нега содир бўлди? Нега улкан саноатнинг алоҳида соҳаси ва корхоналарини ривожлантириш учун ташланган ресурслар натижа бермади, тўғрироғи, тескари, аслида барбод бўлган натижани берди?

  • 1996 йилдан сўнг биз ўтказган гиперфаол саноат сиёсати:
  • бозор ислоҳотларининг оёғини осмондан қилиб юборди (ва ҳозир биз собиқ СССРнинг бошқа давлатлари 1990-йилларда амалга оширган ислоҳотларни ўтказмоқдамиз);
  • бозор механизмлари, энг аввало соғлом рақобат ишлаб кетишига йўл қўймади (айнан рақобат инновациялар ва иқтисодий ривожланишни ҳаракатга келтирувчи куч ҳисобланади);
  • аксилбозор, иқтисодиётни маъмурий бошқариш усули ва юқори солиқ юки туфайли эркин хусусий тадбиркорликнинг ривожланишини бўғди;
  • аҳоли даромадлари ўсишини чеклади (бинобарин, саноат маҳсулотларига бўлган талабни ҳам);
  • коррупция ривожланишига, капитал олиб чиқиб кетилишига, монополизм ва иқтисодиётни заифлаштиришнинг бошқа шаклларига хизмат қилган.

Ақл бовар қилмайдиган ҳажмдаги ва ўйланмаган имтиёзлар тезда рентали (асбоб-ускуналар ўрнига бир уюм металлолом олиб кириш эвазига) фойда олиш ва пул капиталини олиб чиқиб кетишга рағбат уйғотган. Капиталнинг сунъий арзонлаштирилиши (асбоб-ускуналар учун расмий курсда конвертация, арзон кредитлар ва солиқлардан озод қилиш тақдим этилган) ва қиммат меҳнат (меҳнатга солиқларнинг юқорилиши, солиққа тортишнинг соддалаштирилган ва умумий режимлари ўртасидаги солиқ юкидаги улкан фарқ), кўп меҳнат талаб қиладиган ишлаб чиқаришлар ўрнига кўп маблағ талаб қиладиганидан фойдаланишга олиб келди ва бунинг натижасида расмий секторда бандлик даражаси жуда паст бўлиб қолди.

Яқинда ўтказилган ижтимоий тадқиқот шуни кўрсатдики, бугунги кунда расмий секторда 5,4 миллион одам иш билан банд. Бу мамлакат меҳнат ресурсларининг (19 миллион кишига яқин) 28,6 фоизини ташкил этади, холос. Буларнинг ҳам ярми бюджет соҳасида (таълим, соғлиқни сақлаш, давлат хизмати) меҳнат қилади, яъни тўғридан-тўғри солиқлардан молиялаштирилади.

Шундай қилиб, 1996 йилдан кейин амалга оширилган саноат сиёсати иқтисодиёт самарадорлигининг таназзули билан бирга, бандлик даражасининг потенциал мумкин бўлганидан ҳам пастроқ даражага қисқаришига ҳам олиб келган.

Бундан ташқари, «саноатлаштириш» йилларида биз самарасиз ишлаб чиқарувчи монополистлар ва мансабдор коррупционерлар сонини кўпайтирдик. Улар ислоҳотларга тиш-тирноғи билан қаршилик қилиб келишмоқда.

Бироқ рақобатбардош иқтисодиётни биз барибир қура олмадик. Бундай усуллар билан қура олмасдик ҳам.

Бизга қандай саноат сиёсати керак?

Бизга саноат сиёсати керакми? Ҳа, керак. Лекин у биз шу пайтгача ўтказган ва маълум бир даражада ҳозир ҳам ўтказишда давом этаётганимиз — рақобатни чеклаш учун божхона тўловларини ошириш, импорт олдига тарифга хос бўлмаган тўсиқлар қўйиш, соҳалар ҳамда ҳаттоки айрим корхоналар ёки корхоналар гуруҳига имтиёзлар тақдим этилиши каби сиёсатдан тубдан фарқ қилиши керак.

Буларнинг барчаси селекцион саноат сиёсати, яъни мансабдорлар томонидан «ғолибларни танлаш» сиёсати, деб аталади. Бозор ёки рақобат эмас, айнан мансабдорлар бундай ёндашувда қайси соҳа ривожланиши-ю, қайси корхона бозорда қолишини ҳал қилади. Айнан мана шу сиёсат иқтисодиётимизни боши берк кўчага бошлаб келган.

Бизнинг самарасиз бошқарув, ўта юқори даражадаги коррупция, рақобатнинг ривожланганлик даражаси ўта паст бўлган шароитимизда ҳар қандай ҳолатда мансабдорларга ғолибларни танлаш жараёнини ишониб топширмаслик керак. Саноат сиёсати экспорт, инновациялар, инсон капиталига сармоялар ва соҳага тааллуқлилигидан қатъи назар (айрим истиснолар бўлиши мумкин), бизнес юритиш харажатларини камайтиришни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган бўлиши керак.

Саноат сиёсати ва маъмурий ислоҳот

Давлат самарали саноат сиёсатини юритиши учун давлатнинг ўзини қайта қуриш керак: уни самарали, шаффоф ва ихчам қилиш керак. Давлат бозор иқтисодиёти шароитида давлатга хос бўлмаган функцияларни бажаришни бас қилиши, бошқарувнинг маъмурий усулларидан фойдаланишдан воз кечиши керак. Бироқ, бунинг учун туб маъмурий ислоҳот ўтказилиши лозим.

Менинг назаримда, маъмурий ислоҳотлар ўзида нималарни жамлаган бўлиши лозим?

1. Давлат бошқарувининг марказий аппарати ислоҳоти

Ҳукуматда идоралар ва раҳбарлар ўртасидаги вазифалар ва ваколатлар ўртасида аниқ фарқ йўқ, масалан, бош вазир ўринбосарлари ва вазирлар ўртасида. Европа ҳукуматларида, масалан, бош вазир ўринбосарлари йўқ. Бош вазирнинг фақат бир нафар ўринбосари бўлиши мумкин, у ҳам молия вазири бўлади. Сиёсий жиҳатдан масъул вазирлар бўлиб, уларга маълум бир соҳалар топширилган. Ҳар бир вазир маълум бир дастурга мослаб жамоа йиғади. Биз ҳукуматни қайтадан қуриб, ҳар бир идора бажарадиган вазифаларни аниқ белгилаб олишимиз керак: вазирлик сиёсатни белгилайди, агентлик лицензия ва рухсатномалар беради, инспекциялар назорат билан шуғулланади ва ҳоказо. Бунинг учун функционал таҳлил ўтказилиб, бизнинг вазирликларимиз ва идораларимиз ўзи нима билан шуғулланишини тушуниб олишимиз керак, сўнгра уларнинг вазифалари, функциялари ва ваколатларини тубдан қайта кўриб чиқиш ва қайта тақсимлаш керак, шунингдек, раҳбарларига сиёсий масъулият юкланмоғи лозим. Бош вазифа — давлатнинг иқтисодиётдаги вазифаларни камайтириш ва мақбуллаштириш.

2. Марказнинг ҳудудлар билан, ҳудудларнинг туманлар билан ўзаро муносабатини ислоҳ қилиш

Ўзбекистонда қарор қабул қилишнинг улкан марказлашуви бор, ҳудудлар деярли ҳеч қандай ваколатга эга эмас. Уларнинг бюджети тепадан аниқлаштирилади, улар унга ҳеч қандай ўзгартириш кирита олишмайди. Агар ҳудудлар нимадир ишлаб топишса, келгуси йилда бюджет тақсимланаётганда бу пул улардан олиб қўйилади. Бинобарин, маҳаллий ҳокимиятларда пул ишлаб топиш ва маҳаллий ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишини чоғлантириш учун рағбат бўлмайди.

Ҳудудларга кўпроқ ваколат ва ресурслар бериш керак, табиийки, бунинг учун ҳисобдорликни оширган ҳолда. Ҳокимнинг бюджетида халқаро телефон қўнғироқлари учун харажатлар кўзда тутилмаган бўлса ва у ўз кучи билан бундай бюджетни қайта тақсимлай олмаса унга қарата «хорижий инвесторларни жалб қилинглар, йўқса бошларинг кетади», деб айтиш мумкин эмас ахир.

3. Соҳаларни бошқариш даражасидаги маъмурий ислоҳот

Бугун совет давридаги енгил, озиқ-овқат, электротехника саноати ва шу каби кўплаб собиқ вазирликлар ассоциациялар, концернлар, акциядорлик жамиятларига ўзгартирилган. Бу ташкилотлар кўплаб бири бирига мувофиқ бўлмаган функцияларни бажаради. Улар ҳалигача ўзларини вазирлик санашади ва чиндан ҳам қандайдир даражада уларнинг функциясини бажаришади — у ёки бу соҳада сиёсатни белгилашади, камида уларсиз бу сиёсат аниқлаштириб олинмайди. Улар агентлик функцияларини бажаришмоқда ва рухсатномалар бериши мумкин. Улар соҳа корхоналарининг манфаатларини намоён қилишади (яъни, бизнес-ассоциациялар функциясини бажаришади) ва кўпинча тижорат фаолияти билан шуғулланишади. Хуллас, узлуксиз манфаатлар тўқнашуви. Бу кўпгина соҳаларда ҳамон сақланмоқда ва бу ерларда туб ислоҳотлар зарур.

4. Давлат сектори ва табиий монополиялар ислоҳоти

Энг йирик корхоналар ҳамон давлатга тегишли. Бу жуда ёмон, чунки давлат — энг ёмон менежер. Мулкнинг муайян эгаси бўлса ва у биринчидан фойдани максималлаштиришдан, демак, харажатларни камайтиришдан манфаатдор. Иккинчидан, у ўғирлик содир бўлмаслигини назорат қилади. Юзлаб давлат корхоналарини ким кузатади? Ўша амалдорларнинг ўзи. Бу ерда коррупция ва хўжасизлик учун улкан кенглик бор. Шу сабаблик стратегик жиҳатдан хусусийлаштириш учун йўналиш олиш керак. Агар корхона ёки ташкилот давлат функцияларини бажариш (бундай корхоналар — бармоқ билан санарли) учун керак бўлмаса, улар хусусий мулк эгалигида бўлиши керак.

Бироқ, бундан олдин бу мулкни тартибга келтириш керак, чунки бу ҳолатда уни мирига сотишга мажбур бўламиз, бу эса яхши эмас. Иккинчидан, бундай корхоналар ишлаётган соҳаларда давлат томонидан тартибга солишнинг бозор принципларини жорий этиш муҳим. Давлат органлари, ассоциациялар ва хусусий компаниялар функцияларини ажратиш ҳамда ҳалол ва шаффоф рақобат учун шарт-шароитлар ҳозирлаш керак. Акс ҳолда, давлат монополияси хусусий монополияга алмашади ва бундан ҳеч ким ютмайди. Хусусийлаштириш дастуридан аввал соҳани тартибга солишдан воз кечиш ва монополиядан озод қилиш дастурлари ишга тушиши керак.

Бу табиий монополиялар деб аталувчи, масалан, энергетика, темирйўл транспорти кабиларга ҳам тааллуқли. Электр узатиш тармоғи, масалан, давлатга ёки давлат назорати остидаги хусусий компанияга тегишли бўлиши керак, электр станцияларининг ўзи ва электр энергиясининг чакана савдо тизими тижорат корхоналари бўлиши мумкин. Улар истеъмолчи учун курашади, харажатларни камайтиради, замонавий ускуналар ўрнатади. Биз бу ҳолда арзон электр энергиясига эга бўламиз. Бундай ёндашув Маргарет Тэтчер ва Рональд Рейган бошқаруви чоғида ўйлаб топилган. Шундан буён табиий монополияга бундай муносабат жуда кенг тарқалган ва ўзининг самарали меваларини бериб келмоқда.

5. Давлат хизматлари ислоҳоти

Амалдорлар танлов асосида танлаб олиниши керак. Танлаб олиш, рағбатлантириш ва жазолар, давлат хизматчисининг хизмат пиллапоясидан кўтарилишининг аниқ тартиби бўлиши керак. Албатта, вазифаларнинг масъулияти ва мураккаблигига яраша маошлар ҳам бўлиши керак.

6. Давлат хизматларининг бизнес ва аҳоли учун тақдим этилишини такомиллаштириш

Бу ерда ҳам қилинадиган ишлар жуда кўп, бироқ аллақачон хизматларни мақбуллаштиришга уриниш, уларни электрон форматга ўтказиш бошлаб юборилган. Бу ерда энг асосийси электронлаштириш эмас, турли тақиқлар, рухсатномаларни максимал даражада йўқ қилиш ва қисқартириш, маъмурий амалиётларни соддалаштириш, бюрократия ва коррупция учун имкониятларни бартараф этишдан иборат.

7. Сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар.

Бугун мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш, амалдорларнинг ҳокимиятини чеклаш, турли лоббистлик лойиҳаларининг олдини олиш жуда муҳим масала бўлиб турибди. Туб суд ислоҳотисиз, парламентаризм ва фуқаролик жамиятини қамраб олган тийиб туриш ва қарама-қарши туриш каби таъсирчан чораларсиз  бу масалаларни амалда ечишнинг иложи йўқ.

Шундай қилиб, давлатимизнинг иқтисодий сиёсат соҳасидаги бош вазифаси — ижобий бизнес-иқлим яратишдир. Бунинг учун давлатнинг ўзини қайта қуриш керак. Ўзбекистоннинг кейинги ўн йилликлардаги иқтисодий ривожланиш истиқболлари мана шу ишни амалга ошира олишимиз ёки олмаслигимизга боғлиқ.

Юлий ЮСУПОВ,

иқтисодчи, эксперт.

Top