23:03 / 09.07.2019
29729

Ўзбекистонлик ёшлар кўпроқ қайси давлатларда олий таълим олмоқда? 

Хорижий мамлакатлар олий ўқув юртларини танлаётган ўзбекистонлик ёшлар кўпроқ қайси мамлакатларни танламоқда? Қайси давлатларнинг институт ва университетларини битириб келган фуқаролар нострификация масаласида мурожаат қилмоқда? Бунда қайси йўналиш устунлик касб этяпти? Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси мутасаддилари Kun.uz мухбирининг шу каби саволларига қуйидагича жавоб беришди.

«Хорижий мамлакатлар университетлари дипломларини нострификация қилиш давомида маълум бўлишича, бизнинг ёшларимиз, кўпроқ яқин хориж давлатлари, жумладан Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Россияга бориб, ушбу мамлакатлардаги институт-университетларда билим олишмоқда. Чет элга олий таълим олишга кетаётганларнинг 98 фоизи шу давлатларга бормоқда. 

Қолган икки фоизи Европа мамлакатлари, Корея, Сингапур, Малайзия ва АҚШ ҳамда бошқа давлатлар, жумладан Японияга бориб, таҳсилни давом эттиряпти. Аммо, бундай талабаларимиз сони саноқли. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг мақсади ёшларимиз чет элнинг энг нуфузли олий таълим муассасаларига боришини хоҳлаяпмиз. Улар у ерда таълим олиб, ватанга қайтгач, меҳнат бозорида ҳам муносиб ўринларни эгаллайди», - деди Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкентбоев. 

Унинг таъкидлашича, бугунги хорижий университетларни битириб келувчиларнинг 34 фоизи Қирғизистон олий таълим даргоҳларининг дипломларини тақдим этмоқда. Тожикистон дипломини нострификация учун тақдим этувчилар 30 фоиз атрофида. Россия дипломини олиб келувчилар 12 фоизни ташкил этади. 

Бу мавзуга қўшимча қилган Инспекция бошқарма бошлиғига кўра, айрим хорижий мамлакатлар, жумладан Ж.Корея, АҚШ ва Германия университетларига ҳужжат топширишда апостол тасдиқланиши талаб қилинади. Буни эса, Таълим инспекцияси амалга оширгани боис, бугунги кунда шундай мурожаатлар сони кўпайгани қайд этилмоқда. 

Унинг айтишича, нострификация бўйича йилдан йилга мурожаат қилувчилар сони ортиб бормоқда. 2018 йилда 4600 киши дипломни нострификация қилишни сўраб мурожаат қилган бўлса, бу йилнинг ярим йили ичидаёқ бу рақам 7 000дан ортиб кетган. Умуман, шу кунгача 3787та ҳужжат экспертлар томонидан кўриб чиқилган. 

Соҳалар бўйича тақсимланадиган бўлса, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон олий ўқув юртларини асосан, педагогика соҳасида, шундан бошланғич таълим йўналишини тамомлаб келаётганлар кўпчиликни ташкил этмоқда. 

«Афсуски, синовлар ва суҳбатлар чоғида кўрмоқдамизки, барча кадрлар ҳам бугунги меҳнат бозори талабига жавоб бераётгани йўқ. Айрим мурожаатчилар, 2-3 марта синовларда иштирок этса-да, эгаллаган билимларини исботлаб беролмаяпти», - деди бошқарма бошлиғи.

Top