Март-июн ойларида 22 та фан бўйича ўтказиладиган аттестацияда иштирок этиш учун 280 минг нафардан ортиқ ўқитувчидан ариза келиб тушган.

Кўп сонли ўқитувчи имтиҳон топшираётгани учун ҳам ўқитувчилар ўртасида ҳозир кун мавзуси аттестациялар бўлиб қолган. Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларни кузатиб, аттестацияни маъқуллайдиганлар ва уни керак эмас деб ҳисобловчи ўқитувчилар борлигини англаш мумкин.

Муҳокамаларда билдирилаётган айрим фикрларни эътиборингизга ҳавола қиламиз:

  • “Тест ечтириб ўқитувчининг маҳоратини аниқлаб бўлмайди”.
  • “Бизда бугун ўқитувчилар ўз кучи билан ўтишди. Билими бор нолимайди. Ўз устида ишласа, ҳамма нарсанинг уддасидан чиқса бўлади”.
  • “5 йил олдин тайёрланиб ўтгандим. Ҳозир яна қайтадан ёдлашга тўғри келяпти. Ҳа, ҳа, ёдлашга. Ёдланган нарса ҳеч қанча вақт ўтмай ёддан чиқади”.
  • “Аттестация – мутахассиснинг лаёқатини баҳолаш дегани. Керакми? Керак. Лекин тест қилиш мезонларини пухта ишлаб чиқиш зарур”.

Аттестациянинг сифати ҳақида салбий фикрлардан ташқари, имтиҳондан ўта олмай асабийлашиб, қон босими ошган, стрессга тушган ўқитувчилар ҳақида ҳам изоҳлар ёзилди.

Аттестация нега керак ўзи?

Аттестация орқали ўқитувчилар малака тоифасини (олий, биринчи, иккинчи даражали) олиши мумкин. Бир марта имтиҳондан ўтиб тоифа олган ўқитувчи 5 йилгача уни сақлаб қолади.

Тоифасига қараб ўқитувчиларнинг ойликлари ҳам фарқ қилади. Олий тоифа ўқитувчи биринчи тоифага қараганда, биринчи тоифа эса иккинчи тоифага қараганда кўпроқ маош олади.

Бундан ташқари, ўқитувчиларнинг тоифалари мактаблар рейтингини аниқлашда ҳам аҳамиятга эга.

Кўриниб турибдики, аттестациядан ўтиш ўқитувчиларнинг ойлигига, қолаверса, мактабнинг рейтингига таъсир қилади. Шу сабаблар учун ҳам ўқитувчилар аттестацияни оғриқли қабул қилаётган бўлиши мумкин: имтиҳонни яхши топшира олмаган олий тоифали ўқитувчи биринчи тоифалига айланса, маоши ҳам шунга мувофиқ камаяди.

Қолаверса, мутахассис даражасидаги ўқитувчи аттестациядан ўта олмаса, иш берувчи ходимнинг малакаси етарли бўлмагани сабаб у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳам ҳақли.