17:19 / 09.07.2019
4240

Самарқандда МДҲнинг туризм бўйича кенгаши йиғилиши ва халқаро туристик ярмарка бўлиб ўтмоқда

Самарқанд шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг туризм бўйича кенгаши йиғилиши ҳамда МДҲ давлатларининг I туристик ярмаркаси иш бошлади. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати​​​​​

Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад — Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ўртасида қўшма туризм лойиҳаларни сонини орттириш, «ҳамкорлик ва аҳил қўшничилик» руҳини қўллаб-қувватлашдан иборат.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати​​​​​

Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.б. Абдулазиз Аққуловнинг очилиш маросимидаги нутқида таъкидлаб ўтишича, бугунги кунда мамлакатимизда маданий мерос объектлари сони 7,4 мингдан ошади, 4та шаҳар ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига қўшилган.

«Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш, туризм маҳсулотларини диверсификация қилиш ва Ўзбекистонга туристларни жалб қилиш бўйича кенг миқёсли ишлар амалга оширилди. Масалан, шу йилнинг май ойида Самарқанд вилояти туризм соҳасининг комплекс таҳлили, жумладан, Самарқандга ташриф буюрган туристлар ўртасида сўров ўтказилди. Унга кўра, МДҲ давлатларидан ташриф буюрган туристларнинг 70 фоизи Самарқандда 2 кундан 4 кунгача бўлишади, МДҲ давлатларидан келадиган туристларнинг аксарияти Ўзбекистонга оилавий ёки гуруҳлар таркибида келишади. Албатта, биз эришган натижаларимизда тўхтаб қолмаслигимиз керак. Биз хизматни яхшилаш, туризм соҳасидаги кадрларни тайёрлаш борасида кўпгина ишларни амалга оширишимиз керак», — дея Абдулазиз Аққуловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Фото: ЎзА

Туристик ярмарканинг очилиш маросимида Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳам иштирок этди.

Kun.uz мухбирига интервью берар экан, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.б. Абдулазиз Аққулов жумладан шундай деди:

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати​​​​​

— Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг туризм бўйича кенгаши йиғилишидаги асосий воқеалар ҳақида гапирсам, кенгашга раислик Ўзбекистонга ўтди. Масалан, ўтган йили Қозоғистон раислик қилган эди. Кейинги йиғилишда ҳам — у Қозоғистонда ўтади — Ўзбекистон раислик қилади.

Иккинчи масала — ҳар йилик туристик ярмарка ташкиллаштириш бўйича президентимиз ташаббуси муҳокама этилиб, уни кенгаш йиғилиши доирасида ҳам ташкил қилиш қўллаб-қувватланди. Келгуси йил сентябрь ойида Нурсултон шаҳрида ўтадиган кенгаш йиғилишида ҳам туристик ярмарка ўтказилади. Буни Қозоғистон маданият ва спорт вазири ўринбосари Элдос Рамазанов эълон қилди.

Умаман, йиғилиш кун тартибида бўлган барча масалалар маъқулланди. Фақат Беларусь Республикаси спорт ва туризм вазири ўринбосари Михаил Портной кенгаш орқали туризмни ривожлантириш мақсадида транспорт масаласини кўтарди. Яъни МДҲ давлатларидаги транспорт бўйича идоралар ўз ишида туризм ривожига ҳисса қўшиш масаласини ҳам ўрганиб чиқишлари керак бўлади.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати​​​​​

Икки кунлик дастур халқаро туристик ярмарка очилиши ва кенгаш йиғилишидан ташқари миллий стендларни намойиш этиш, янги комбинациялашган йўналишлар ва йўлбошчиларни тақдим этиш, Халқаро «Ипак йўли» туризм университетидан тақдимотни ўз ичига олади

Шунингдек, тадбир дастурида «МДҲ давлатларида туризм ва минтақавий ҳамкорлик: янги чақирув ва имкониятлар» мавзусида халқаро семинар ўтказилади ва унда илмий доиралар вакиллари иштирок этишади.

Top