20:00 / 09.07.2019
15767

Самарқанддаги олийгоҳларда узун навбатлар – масъуллар дастур яхши ишламаётганидан норози

Қабул жараёнини ўрганиш мақсадида Самарқанд давлат университетида бўлганимизда тахминан тўрт юзга  яқин (!) абитуриентларнинг ҳужжат топшириш учун навбатда турганига гувоҳ бўлдик. Бу Самарқанддаги барча олий ўқув юртлари ичида энг катта навбат эди.

Навбат катта ва тартибсиз, шу сабабдан бўлса керак ҳатто ёрдамга келган ички ишлар ходимлари ҳам баъзан тартибни сақлашда қийналиб қолишмоқда. Университет маъмуриятининг билдиришича, ҳатто миллий гвардияни ёрдамга чақиришга ҳам мажбур бўлишган.

Хўш, нима сабабдан бу қадар узун навбатлар пайдо бўлмоқда?

Университет қабул комиссияси масъул котиби бир қатор омилларни санаб ўтди. Улардан энг асосийси, Давлат тест маркази сайтидаги махсус дастур яхши ишламаётгани, сайт қотиб қолаётгани билан боғлиқ экан.

СамДУ қабул комиссияси масъул котиби Раҳматулла Мирзаев навбатлар сабабига тўхталди.

«Самарқанд давлат университети қабул комиссиясида қирқта компьютерда мутахассислар ўтирибди. Ҳар бир абитуриентга 5 дақиқа ажратилганда ҳам икки соат ичида минг кишининг ҳужжатларини қабул қилиш мумкин. Афсуски, куни билан компьютер базаси беш-олти марталаб, бир қотганда 40 дақиқагача қотиб ишлаяпти. Оқибатда узундан-узун навбатлар пайдо бўлмоқда. Яна қатор омиллар бор. Президентимизнинг тегишли қарори билан бешта олий ўқув юртида ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш давлат хизматлари марказига тушган.

Булар Тошкент давлат юридик университети, Қорақалпоғистон Давлат университети, Гулистон давлат университети, Фарғона давлат университети ва Самарқанд давлат университети. Давлат хизматлари маркази ишни қандай ташкил этган, буни биз билмаймиз.

Аслида, бешта олий ўқув юртида ҳужжат рўйхатдан ўтмаслик керак. Масалан, Тошкент давлат университетига борсангиз, бирорта ҳужжат қабул қилинмаяпти. Биздаги 50та йўналишдан 9тасида ижодий имтиҳонлар бўлгани учун уларнинг ҳужжатини қабул қилишимиз лозим. Бундан ташқари, ногиронлар, имтиёзлилар, хориж фуқаролари ҳамда ўзга тилли гуруҳлар. Аммо амалда барча абитуриентларни қабул қилишимизга тўғри келяпти. Қолаверса, эндиликда бир олийгоҳ орқали бошқа олийгоҳга ҳам ҳужжат топшириш мумкин. Шунинг ҳисобига ҳам ҳозир жуда катта навбат юзага келган. Биз Давлат тест маркази махсус дастури орқали ишлаймиз. Бир вақтнинг ўзида республикамиз бўйича 6 мингга яқин оператор ишлаяпти. Дастур қотиб қоляпти, баъзи пайтда умуман ишламаяпти. Яна бир томони, эндиликда айтайлик, битта бизнинг олийгоҳ орқали истаган олий таълим муассасасига ҳужжат топшириш мумкин», — дейди Р.Мирзаев. 

Бир неча нафар абитуриент қабул давлат хизматлари орқали ҳам бўлаётганидан мутлақо бехабар бўлса, яна бир неча нафар абитуриент давлат хизматлари марказида ҳам худди шу тарзда навбат юзага келганини билдирмоқда. 

«Самарқанд шаҳрида яшайман, шаҳардаги давлат хизматлари марказига ҳам бориб кўрдим, бу йил онлайн тарзда қабул қилинади, дейишганди. Уйда шахсий компьютеримда ҳам уриниб кўрдим, аммо бу тарзда ҳужжат топширишнинг иложи бўлмаяпти. Сайт ишламаяпти», – дейди абитуриентлардан бири.

Самарқанд шаҳар давлат хизматлари марказида бўлдик. Бу ерда ҳам узундан-узун навбат. Бу навбатларнинг охирига етишга кўзи етмаган айрим абитуриентлар яна институтларга йўл олмоқда.

Мазкур марказ ўринбосари Умид Абдураҳмоновнинг билдиришича, марказда аҳолига 83та турдаги давлат хизматлари кўрсатилади. Ва мазкур хизматлар бўйича ҳам мурожаат этувчилар сони оз эмас. Бугун эса ҳар куни юзлаб абитуриент ҳам мурожаат қилмоқда. Қабулдан олдин 17 киши марказда ишлаган бўлса, ҳозир ҳам худди шунча ишчи. Ана шунинг ҳисобига давлат хизматлари марказида қуйидагича навбат юзага келган:

Самарқанд давлат чет тиллар институтида навбат катта эмас, аммо соат 16:50да абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш тўхтатилди. Комиссия вакили буни қабул қилинган ичкаридаги абитуриентларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш жараёни ҳали яна бирор соатга чўзилиши билан изоҳлади. 8 июль куни Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида электр таъминоти узилиб қолиб, ҳужжатларни қабул қилиш тўхтаб қолганига гувоҳ бўлдик. Самарқанд давлат тиббиёт институтидагилар ҳам шу муаммодан хавфсирашган шекилли движок олиб келиб қўйишган.

Самарқанд давлат тиббиёт институти, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ва Самарқанд ветеринария институтларида ҳам жуда катта бўлмаса-да навбатлар бор. Мисол учун, Ветеринария институтига эрталаб соат 9:00да келган абитуриент соат 12:00да ҳам ҳали ҳужжатини топшира олмаганини билдирди. Қабул комиссия масъул котиблари бунинг сабабини махсус дастур яхши ишламаётгани билан изоҳлашди. Афтидан, йилда бир бўладиган тадбир – ОТМларга тест учун ҳужжатларни қабул қилишга етарлича техник тайёргарлик кўрилмаган.

Аксарият олийгоҳлар қошида банкларнинг сайёр кассалари ташкил этилган. Навбат унчалик катта эмас. Аммо айрим олийгоҳлардаги банк сайёр кассалари якшанба куни ишламаган. Самарқанд давлат университетида эса 9 июль кунигина сайёр касса иш бошлаган. Марказий банк Самарқанд бош бошқармаси вакили бу ҳолатни шу вақтгача университет томонидан банк учун хона ажратилмагани билан изоҳлади.

Самарқанд давлат чет тиллар институтида якшанба куни институт қабул комиссияси ишламагани учун банк ҳам ишламаган бўлса, Ветеринария институтидаги сайёр касса шанба куни тўлиқ ишлаган, лекин якшанба куни ишламаган. Марказий банк вакилининг маълумотига кўра, банк раҳбарияти топшириғига асосан, барча ОТМларда сайёр кассалар тўлиқ дам олишсиз ишлайди.

Яна бир масала. Жорий йилдан бошлаб, абитуриент ўзига энг яқин олийгоҳдан туриб ҳам республиканинг истаган олий ўқув юртига ҳужжат топшириши мумкин. Аммо биз олийгоҳларда бу йил ҳам бошқа вилоятлардан узоқ йўл босиб келган абитуриентларни учратдик. Мисол учун, Самарқанд давлат ветеринария институтига абитериентлар Қорақалпоғистон республикаси ва Навоий вилоятидан ҳам келган. Суҳбатлашиб билдикки, улар на уйда ўтириб онлайн тарзда ҳужжат топшириш, на давлат хизматлари маркази ва на ўзларига яқин олийгоҳ орқали ҳужжат топшириш мумкинлиги ҳақда эшитишмаган. Афтидан, бу борадаги тарғибот ишлари ҳам ёшларга тўлиқ етиб бормаган.

Тан олиш керак, университетда кутиш учун жой, маълумотлар доскаси бор. Аммо шу йил очилган Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалида 15 июндан бери қабул бўлаётгани ҳолда ҳали ҳам ўқишга қабул қилиш квотаси аниқ эмас. Квота ҳақда маълумот доскасида ҳам ёзилмаган, олийгоҳ қабул комиссия масъуллари ҳам бу ҳақда маълумотга эга эмас.

Масъуллар эса «квота ҳақда маълумот келишини ҳар куни кутяпмиз» деган изоҳ берди. Хўш, абитуриентлар ўзи ҳужжат топшираётган олийгоҳнинг қабул квотаси ҳақда қачон маълумотга эга бўлади. Имтиҳондан кейинми?

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,

Kun.uz мухбири.

Top