13:14 / 13.07.2019
12462

«Матбуот тарқатувчи»га янги директор сайланди. Компания тизимидаги айрим раҳбарлар жавобгарликка тортилган

Даврон Сафаров

Даврон Сафарович Сафаров «Матбуот тарқатувчи» АКнинг вақтинча директори вазифасини бажарувчи этиб сайланди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.

9 июль куни «Матбуот тарқатувчи» АК молиявий фаолияти акциядорларининг умумий йиғилиши бўлиб ўтган. Унда компания вилоят корхоналаридан ундирилмаган қарздорлик сабаб таҳририятлар олдида катта қарздорликлари юзага келгани, ҳисоб-китоб сиёсати тўғри юритилмагани ва шу каби кўплаб камчиликлар муштарийлар, таҳририятларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлаётгани маълум қилинган.

Компания томонидан вилоят корхоналари фаолияти ўрганилганда жиддий камчиликлар аниқланган ва уларнинг бир нечта ҳудудий раҳбарлари суд жавобгарлигига тортилган. 

Шунингдек, аудитор хулосаларида ҳам «Матбуот тарқатувчи» АК вилоят ташкилотларининг молиявий натижаларига қониқарсиз баҳо берилган. Бу компания фаолияти жиддий ислоҳотларга муҳтож эканлигини кўрсатади.

Даврон Сафаров 2017 йилдан ҳозирги вақтгача “Матбуот тарқатувчи” АК Савдо бўйича директори вазифасида ишлаб келаётганди. У бунга қадар, 2012-2017 йилларда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши раисининг ташкилий - партиявий ва кадрлар ишлари бўйича ўринбосари ва аппарат раҳбари вазифасида ҳам ишлаган.

Маълумот учун, «Матбуот тарқатувчи» АК Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999-йил 13-сентябрдаги “Вақтли матбуотни тарқатиш корхоналарини бошқариш тузилмасини такомиллаштириш тўғрисидаги 418-сонли қарорига асосан “Матбуот тарқатувчи” ва “Матбуот тарқатиш маркази” ёпиқ акциядорлик жамиятлари негизида ташкил этилган.

Мазкур компанияни тузишдан асосий мақсад республика бўйича вақтли матбуот нашрларини тарқатувчи тузилмани ташкил этишдир.

Қуйидагилар «Матбуот тарқатувчи» акциядорлик компаниясининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланган:

республика аҳолисининг ва бошқа давлатларнинг Ўзбекистон Республикаси вақтли матбуотига бўлган эҳтиёжини қондириш;

вақтли нашрларга бўлган эҳтиёж маркетинги ва мониторингини ташкил этиш;

вақтли матбуотни чакана савдо дўконлари тармоғи ва вақтли матбуотни тарқатувчилар орқали тарқатишни таъминлаш;

чакана савдо дўконлари тармоғини оқилона ва самарали жойлаштириш ҳамда ривожлантириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

Компания ҳар йили Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва ундан ташқарида тарқатиладиган газета, журналлар ва китоблар каталогини чоп этади. Обунани ҳар хил нархларда расмийлаштириб, абонент қутисига ёки манзилда етказиб берилади.

Бундан ташқари, компания ўзининг махсус «Матбуот» киоскларига эга. Мижозлар бу киоскларда нашрларни харид қилишлари ёки обунани расмийлаштириш имкониятига эга.

Top