19:55 / 14.07.2019
31979

Сабр эгалари. «Мен сизни йиғлатдим, кечиринг она...»

«Аёлнинг жони қирқта бўлади», деган гап бор. Менимча, ундай эмас. Унинг сабр-матонати қирқта ва уларнинг ҳар бирида минглаб жон яширин. Аллоҳ таоло аёлни мўътабар этиб яратди, чунки унда бутун борлиқда муқаддас ҳисобланадиган оналик мақоми бор. Саратоннинг иссиғида, қаҳратоннинг аёзида муштдек жони билан куйиб-пишиб, болам-чақам деб юрган аёлга эътибор берганмисиз? Саломатлигини ҳам ўйламай, фарзандларининг ташвиши билан куймаланиб юрган аёлга...

Kun.uz томонидан «Сабр эгалари» лойиҳаси эълон қилинган эди. Шундан сўнг таҳририятимизга кўплаб мактублар келди. Улар турли тақдирлардан ҳикоя қилади. Мазкур лойиҳанинг илк сонини тақдиридаги синовларга сабр қилиб, ҳар бир кунига шукр этиб яшаётган оналардан бирининг ҳаёт йўлига бағишлашга қарор қилдик. Зеро, она бўлишнинг ўзи матонат, улкан сабрдир. Шу мақсадда Қашқадарё вилоятининг Касби туманига – Сафия Бобомуродова хонадонига ташриф буюрдик ва у кишининг бошидан кечирган кунлари ҳақидаги сўзларига қулоқ осдик.

«Ҳар бир она ўз фарзандини орзу-ҳаваслар билан катта қилади. У ўғил бўладими ёки қиз, бундан қатъи назар бутун борлиғи билан ўз жигарбанди учун яшайди. Қувонса қувонади, ғам чекса қўшилиб қайғуради. Икки ўғил ва икки қизим бор. Уларни оқ ювиб, оқ тарадим. Таълим-тарбиясига алоҳида эътибор бердим. Бировдан олдин, бировдан кейин бўлиб вояга етишди. Мақтаниш бўлмасин-ку, фарзандларимнинг ортидан ёмонлаб биров дарвозамни тақиллатиб келмаган.

Буларнинг орасида тўнғич ўғлим Шавкатжон алоҳида ажралиб туради. Мен фарзандларимни ажратмайман, аммо тўнғич бўлгани учунми шу фарзандимга меҳрим бўлакча. Мактабда, коллежда яхши ўқиди. Олийгоҳга кириш нияти бор эди. Бўш вақтлари рўзғор ишларига қарашар, қўни-қўшни, қариндош-уруғларга муносабати мулойим, ҳалим йигит эди. Ўғлим бу йил 24 ёшни қарши олади.

Келин тушираман деб орзу қилардим. Яхши ният билан бунга тадорик ҳам бошлаган эдим. Аммо...».

Аёл у ёғини гапира олмади, йиғлаб юборди. Унинг ёнида, тўшакда ётган Шавкатжон «Ойи, йиғламанг», дегандек инграб қўйди. Мажруҳ бўлиб қолган кафти мушт бўлиб қисилди.

2018 йилнинг 22 июль куни...

Шавкатжон шу куни дўстининг тўйига бориш учун йўлга отланади. «Спарк» русумли автомобиль бошқарувида бўлган Рамзиддин Сатторов тезликни ошира бошлайди. Машина елдек учарди. Кўчанинг бурилиш қисмига етганида, илкис бошқарувдан орқа ўриндиқда ўтирган Шавкатжон ташқарига учиб кетади. Қонга бўялганича, ҳушидан кетади.

«Бизга бу хабарни етказишганида ўтакам ёрилиб кетди. Гангиб қолдим. Шифохонага борганимизда ўғлим қонга бўялиб ётар, аммо ҳуши ўзида эди. Гапирарди ҳам. «Ойижон, мен унга айтдим, тез ҳайдама дедим. Аммо гапимга қулоқ солмади. Менга нима бўляпти, бутун танам қизиб кетяпти. Ёрдам беринг онажон», дея зорланарди», - дейди Сафия опа. Аёл ортиқ гапира олмади, бўғзига нимадир тиқилди, кўзига ёш келди. Суҳбатни Шавкатжоннинг отаси Сайфулла ака давом эттирди.

«Мен воқеадан хабар топгач, тезлик билан шифохонага бордим. Ўғлимни кўргач, юрагимдан бир нарса узилиб кетгандек бўлди. Травматология бўлимида ётқизишган экан. Гапираётганини кўриб, нари борса оёғи ёки қўли сингандир, деб ўйладим. Мудҳиш хаёлларни миямдан қувиш учун ҳам, ўз-ўзимни алдаш бўлса ҳам шундай ўйлардим ва бунга ўзимни ишонтиришга мажбурлардим...».

Ота ҳам, она ҳам ўша дам ўзи билан ўзи овора эди. Шавкатжонга тинчлантирувчи укол қилишади. Уни жонлантириш бўлимига олиб ўтишади. Чунки вазият шуни тақозо этарди. Чунки унга краниоцеребрал шикастланиш, иккала оёқнинг синиши, неврологик тизим бузилиши ташхиси қўйилади. Умумий аҳволи касаллик кечиши бўйича оғир, деб баҳоланади.

«Ўғлимни бу ҳолатда кўриб, адои тамом бўлгандим. Она ўз боласининг оёғига тикан кирса қанча азобланади. Шавкатжоним эса қонга беланиб ётарди. Ўша лаҳзада ҳушимдан кетибман. Мени ҳам жонлантириш бўлимига жойлаштиришибди. Кейин маълум қилишларича, инфарктни бошимдан ўтказибман. Хуллас, ўғлим 4-5 ой комада ётди. Бу вақтнинг ҳар бир соати мен учун шундай азобли эдики, сўз билан бу қийноқларни ифода этиб беролмайман. Чунки исталган пайт шумхабар келиши мумкин эди...», - дейди она.

Сирли воқеалар

Бу орада жуда ғалати, муболаға бўлмасин, сирли ишлар рўй беради. Бу ҳақда Сафия опа шундай ҳикоя қилади: «Шифохонада ўғлимнинг касаллик тарихи варақаси йўқолди. Бу Касби тумани шифхонасида юз берди. Бу ҳолат ўғлимни Қаршига олиб борганимда ҳам юз берди. Шифокорлар Шавкатжоннинг касаллик тарихи варақасини топиб бера олишмади. «Йўқолибди», «Мабодо, ўзингиз олмадингизми?», деб турли гаплар қилишди. Бунга ҳам кўз юмдим. «Спарк» ҳайдовчиси Рамзиддин Сатторов ўзи ва акаси энг бошида терговда «Шавкатни ўзимиз оёққа турғазиб берамиз», деб ваъда беришган эди. Рамзиддин охирги марта 3 сентябрь куни хабар олди. Шундан сўнг бир неча бор қўнғироқ қилишимга қарамай, терговчининг тайинлашига эътибор бермай, ака-ука бир марта ҳам хабар олишгани йўқ. «Ўғлингни машина тагига мен ташладимми?», деб жеркиб ҳам берди бир марта. Бунга ҳам чидадим. Суд Рамзиддинга 11 миллион сўм жарима солди. Лекин мана шу жарима пулидан бир сўм ҳам тўламади. Одам деган ҳам шундай золим бўладими? Бизни содда кўриб, бўш-баёв билиб шунчалик хўрлашадими?

Ўғлим ҳозир 1-гуруҳ ногирони. Унинг дори-дармони учун ҳар ой миллион сўмдан зиёд маблағ кетади. Қашқадарё ва Самарқанддаги шифохоналарга бориб даволанди. Операция бўлди. Ҳозир на гапира олади, на ҳожатини чиқара олади. Бунинг учун махсус «шланка» қўйилган. Қорни очдими йўқми, айтолмайди ҳам. Самарқандга борганимизда суяклари битиши учун оёқларига темир улашди. Кейин билсак, автоҳалокат туфайли оёғининг суяклари мажағланиб кетган экан. Ана шу жарроҳлик амалиёти учун 8 миллион сўм маблағ кетди. Дори-дармонига кетган харажат бизнинг қурбимиз доирасида эмасди. Қарз кўтаришга мажбур бўлдим. Ҳозир одамлардан 14 миллион сўм қарзим бор. Мол-ҳолимни, ҳовлимнинг бир қисмини сотишга мажбур бўлдим. Тўй учун яхши ниятлар билан жамғараётган пулларим ҳам сарфланиб кетди. Туманимиз ҳокимига раҳмат. У Тошкентга бориб даволанишимиз учун алоҳида машина ажратди, у ерда 14 кун ётиб даволанишимиз учун барча шарт-шароитларни мужассам қилди.

Ҳозир турмуш ўртоғим ишсиз. Рўзғорни кичик ўғлимнинг тўйхонадан топиб келадиган 10-15 минг сўм пулига ўтказяпмиз. Шавкатжоннинг дори-дармонини ногиронлик пули эвазига оляпмиз. Аммо бу пуллар етмайди барибир.

Инсон бошига турли кулфатларнинг тушиши ҳеч гап эмас экан. Бу кутилмаганда, исталган вақт рўй бериши мумкин. Бундай пайтларда нима қилишингни, қайси деворга бош уришингни билмас экансан. Бошимдан оғир кунлар ўтди ва бу ҳамон давом этмоқда. Ана шундай дамларда шайтон одамни турли васвасага солади, ақлдан озиб қоламанми деб қўрқасан. Аммо Аллоҳ инсонга куч бераркан. Ҳозир Шавкатжоним тирик. Гарчи мажруҳ бўлса-да, нафас оляпти. Мен барча кўргиликларга сабр қилдим. Тақдиримга рози бўлдим. Ҳар куни йиғлайман, ўғлимнинг бошидан силаб ўкинаман, аммо бу Аллоҳнинг хоҳиши, бир кун келиб у бизга яхши кунларини ато қилишига ишонганим учун сабр қиламан».

Суҳбатлашар эканмиз, тўшакка бир умр михланиб қолган йигит жавдираб бизга қарайди. Нимадир дегиси, дардини айтгиси келади. Она эса кўзида ёш билан унга тикилади. Гўё у ёнимизда эмас, қаерлардадир, бошқа бир манзилда, ўзга бир маконда тентираб юргандек.

Хонадондан чиқиб кетар эканмиз Сафия опа бизга шундай деди: «Мен сизларни Шавкатжоннинг тўйига, албатта, айтаман. Ўзи сизларни кутиб олади. Мен бунга қаттиқ ишонаман...».

Кўрганингиздек, оила моддий томондан жуда қийин аҳволга тушиб қолган. Айни кунларда Шавкат Самарқандга бориб, оёғига қўйилган махсус ускуналарни алмаштириб, жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказиши керак. Аслида, жарроҳлик амалиёти июнь ойида бўлиши лозим эди, бироқ етарли маблағ топилмагани учун бу иш ортга сурилиб келмоқда. Жазирама кунларда беморнинг саломатлиги янада оғирлашган. Бўлажак операция учун тахминан 10-12 миллион сўм маблағ талаб этилади. Саховат қилиб, йигитга ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлганлар учун қуйидаги маълумотларни тақдим этамиз.

Пластик карта рақами: 8600 0417 8463 9149 (Агро банк)

Пластик карточка Жураев Шавкат номида.

Сарвар Анвар ўғли,
Kun.uz мухбири

Top