01:18 / 17.07.2019
9233

Нукус полигони “Энг илғор мутахассис” кўрик-танловининг биринчи босқичи ўтказилди

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

2018 йилдан эътиборан Мудофаа вазирлиги қўшинларидаги аралаш таркибдаги ҳарбий қисм аскарлари ўртасида ўн бешдан зиёд йўналиш бўйича ўтказиб келинаётган “Энг илғор мутахассис” кўрик-танлови орқали ёш мутахассисларнинг касбга бўлган қизиқиши ортиб бормоқда.

Нукус полигонида гарнизондаги ҳарбий қисмлардан бирининг артиллерия мутахассислари ўртасида ана шундай қўрик-танловнинг биринчи босқичи муросасиз баҳсларга бой бўлди.

Шиддатли беллашувларда муддатли ҳарбий хизматчилар бир неча ой давомида артиллерия қуролларидан оқилона фойдаланиш ва нишонларни аниқ мўлжалга олиб, йўқ қилиш кўникмаси амалда синалди.

Мусобақа шартидаги кўзда тутилган машқларда аскарлар яккалик ва жамоавий меъёрларни шиддат билан бажариши профессионал кўникма ва бир неча йиллик тажрибага эга бўлган артиллериячиларда ҳам таассурот қолдиргани шубҳасиз.

Жамоа шаъни ва ғалаба учун курашда артиллериячилар “Энг илғор артиллерия мутахассиси” кўрик-танловининг “Стволли артиллерия мутахассиси”, “Реактив артиллерия мутахассиси” ҳамда “Миномёт артиллерия мутахассиси” каби номинацияларда қатнашди. Ғолиб ва совриндорлар тегишли тарзда диплом, кубок ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Шунингдек, ҳарбийча анъанага айланган “Артиллерия эстафетаси” баҳслари ҳам мазкур ҳарбий қисм ҳаётида оммалашиб бормоқда. Бўлинмалар билан ўтказилаётган ушбу мусобақа аскарлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиб, илғорларни рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати

Top