Ўзбекистон | 16:29 / 26.06.2023
17049
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳарбийлари Россияга ёрдамга бориши ҳақидаги хабарлар ёлғон — Мудофаа вазирлиги

Интернетда Ўзбекистон ҳарбийлари Россияга ёрдам беришга шайлангани ҳақида фейк тарқатилди. Мудофаа вазирлиги буни рад этиб, тарқалган видеода бир неча ой олдин Чирчиқдаги Ватанпарварлик фестивалига жалб этилган техникалар акс этганини маълум қилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларининг ҳарбий техникаларда Россияга ёрдамга бориш учун полигон ҳудудида шай бўлиб тургани, аммо вазият ўзгаргани учун боришдан қолдирилгани ҳақидаги хабар – фейк. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги маълум қилди.

“Мазкур хабар ҳақиқатга тўғри келмайди. Тасвирланган видеода шу йилнинг март ойида Чирчиқ шаҳрида бўлиб ўтган Ватанпарварлик фестивалига жалб этилган техникалар акс этган”, – дея маълум қилди вазирлик матбуот хизмати.

Ҳарбийларнинг баёнотида электрон нашрлар ва блогерлардан маълумотларни нотўғри талқин қилмаслик сўралган, ёлғон хабар тарқатганлик учун жавобгарлик борлиги эслатилган.

Эслатиб ўтамиз, 24 июн куни Россияда "Вагнер" хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожин қуролли исён кўтарган эди.

Мавзуга оид