17:08 / 17.07.2019
4589

Суд: Тошкентда маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг 20 фоизи аёллар томонидан содир этилган

2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида одил судловда амалга оширилган ишлар юзасидан Тошкент шаҳар судлари томонидан ўтказилган брифингда шаҳарнинг 4 турдаги судлар раислари иштирок этди.

Kun.uz мухбири хабар беришича, маъмурий ишлар бўйича Тошкент шаҳар суди раиси Неъматжон Акбаров маъмурий ҳуқуқбузарликлар 22865 нафар шахсга нисбатан 6128та маъмурий иш ҳаракатдан тугатилганини айтиб ўтди. Ушбу ҳуқуқбузарликларнинг 20 фоизи аёллар томонидан содир этилган.

Шунингдек, маъмурий судларга тегишлилик нуқтаи-назаридан оммавий муносабатлар кўриб чиқилади. Бу давлат органлари, мансабдор шахслар қарор ва ҳужжатлари устидан шикоятлари сабабли кўриб чиқилади. Суд раисининг келтиришича, ушбу 6 ой давомида 762та оммавий ишлар кўрилган ва 416таси қаноатлантирилган, 230таси рад этилган, 41таси кўрмасдан қолдирилган, 75таси иш юритишдан тўхтатилган. Ушбу 416та иш доирасида туман ҳокимлари қарорлари, ДТМ ҳужжатлари, интеллектуал мулкка оид ҳужжатлар бекор қилинган.

Брифингда қатнашган фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси Ўткир Холов ҳам бир неча статистик маълумотларга тўхталиб ўтди.

«Тошкент шаҳри доирасида 6 ой давомида 4940та иш ажрашиш масаласида келиб тушган ва 2959таси тамомланган. 101та иш тугатилган, 158та ариза кўрмасдан қолдирилган, яъни оилавий ярашувга эришилган ёки келишувга келишган», дейди Ўткир Холов.

Брифингда пойтахтдаги маҳалла фуқаролар йиғини раислари ҳам қатнашди. Маҳалла раисларидан бири сайёр судларни кўпроқ ўтказиш таклифини берди.

Top