20:46 / 18.07.2019
7003

«Аммофос-Максам» заводи томонидан атроф-муҳит муҳофазаси учун ажратилган 1 млрд 160 млн сўм беҳуда сарфланган

Бугун, 18 июль куни Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси билан Олмалиқдаги «Аммофос-Максам» АЖ фаолиятининг атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига таъсири ҳолати бўйича жамоат эшитуви бўлиб ўтди. Жамият биносида ташкил этилган анжуманда Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда соғлиқни сақлаш бошқармалари мутасаддилари, «Ўзгидромет» маркази ва бошқа масъул ташкилот аъзолари иштирок этишди.

Республика экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш давлат қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Ибрат Каримов завод фаолиятининг табиий муҳитга келтираётган зарари тўғрисида гапирди.

«Завод томонидан атроф-муҳит муҳофазасига йўналтирилган тадбирлари учун 2018 йилда 1 млрд. 160 млн. сўм атрофида маблағ сарфланган, аммо самараси кўринмаяпти. Корхонага янги технологияларни олиб кириш мақсадида 2019 йил биринчи ярим йиллигида жами 3 млн. 428 минг АҚШ доллари сарфланган. 2018 йил давомида заводдан атмосфера ҳавосига 1256 тоннадан ортиқ зарарли модда чиқарилган. Бу республика бўйлаб 0,5 фоизни ташкил қилади. 2018 йилда республика саноат корхоналарида чанг-газ тозалаш ускуналарида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи моддаларнинг ушлаб қолиниши 86,1 фоизни ташкил этган бўлса, бу рақам «Аммофос-Максам» АЖда 40 фоизни кўрсатяпти. Заводдаги энг катта муаммо 260 гектардан ортиқ майдонда 71 млн. 808 минг тонна фосфогипс чиқиндиси уюмидир. Таҳлиллар шуни кўрсатяптики, 2019 йил 1 январь ҳолатига кўра, 216 минг тонна фосфогипс чиқиндиси (умумий чиқиндининг атиги 3 фоизи) қайта ишланган. 2019 йил биринчи ярим йиллиги бўйича 240 минг 470 тонна фосфогипс чиқиндиси ҳосил бўлган».

Каримовнинг таъкидлашича, ифлослантирувчи моддалар ва оқова сув манбаларини узлуксиз равишда автоматик кузатув тизимини жорий этиш керак. Бу атроф-муҳитга келтирилаётган зарарлар даражасини аниқлашга ёрдам беради.

Top