17:47 / 20.07.2019
5919

Марказий банк: 2019 йилнинг I ярим йиллигида истеъмол нархлари ошиши 5,6 фоизни ташкил этди

Фото: Pixabay

Жорий йилнинг I ярим йиллигида истеъмол нархлари ошиши 5,6 фоизни ташкил этиб, 2018 йилнинг мос давридаги кўрсаткичдан 0,6 фоиз бандга паст бўлди. Бу ҳақда Марказий банк хабар қилмоқда.

“Инфляция асосан озиқ-овқат товарлари ва хизматларнинг бозор нархлари ошиши таъсирида шаклланган бўлса, маъмурий тартибга солинадиган хизматлар тарифлари ва ноозиқ-овқат товарлари нархларининг юқори даражада ошмаганлиги инфляциянинг кескин ўсишининг олдини олди. Шу билан бирга, энергия ресурслари тарифлари оширилишининг олдин эълон қилинган муддатга нисбатан кейинга қолдирилиши ҳам мазкур даврда инфляция даражасининг кутилгандан паст даражада шаклланишига хизмат қилди”, - дейилади МБ хабарида.

Йиллик ҳисобда инфляция даражаси 13,6 фоизни ташкил этиб, базавий прогноз коридорининг қуйи чегарасига яқин даражада сақланиб қолди. Бунда, йиллик инфляция даражаси охирги 5 ой давомида 13,5-13,7 фоиз оралиғида сақланиб қолди.

Иқтисодиётда ишлаб чиқариш ҳажмларига нисбатан кредитлар ажратиш ва давлат харажатларининг юқорироқ суръатларда ўсиши ҳисобига ички нархларга ялпи талаб томонидан босимнинг ортиши, аҳоли даромадлари кўпайиши ҳамда ишлаб чиқариш харажатларининг ошиши маълум даражада инфляция даражасини пасайтириш вазифасини қийинлаштирмоқда.

Озиқ-овқат инфляцияси мева ва сабзавот маҳсулотлари нархлари ўзгаришини ҳисобга олмаганда апрель ойида ўзининг энг юқори даражасига етди. Бунга нархларнинг солиқ тизимидаги ўзгаришлар ҳамда ишлаб чиқариш харажатларининг ошишига мослашиши сабаб бўлди. Ушбу омиллар таъсирининг секин-аста камайиши жорий йилнинг май-июнь ойларида мазкур маҳсулотлар нархлари динамикасининг пасайишида ўз аксини топди.

Айрим турдаги мева ва сабзавотлар нархларининг ўтган даврда паст бўлганлиги ҳисобига 2019 йилнинг II чорагида улар нархларининг ўсиш суръати тезлашиб, йиллик инфляцияга оширувчи таъсир кўрсатди. Таққослаш учун, 2018 йил II чорагида мева ва сабзавот маҳсулотлари нархлари 18,7 фоизга пасайган бўлса, жорий йилнинг II чорагида 8,1 фоизга камайди.

Мазкур даврда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари, умуман олганда, пасаювчи динамикани намойиш этди. Юридик шахсларнинг инфляцион кутилмаларида барқарор пасайиш тренди кузатилган бўлса, айни вақтда, жисмоний шахслар кутилмаларида 2019 йил январь-апрель ойларидаги пасайишдан сўнг, охирги икки ойда ўсиш кузатилди.

Top