20:30 / 24.07.2019
8398

Ўзбекистон газини қазиб олишда маҳаллий компаниялар улуши 29 фоизга камайган — «Ўзтрансгаз»

«Ўзтрансгаз» АЖ мутасадди ходимлари томонидан журналистлар учун ташкил этилган брифингда Ўзбекистон гази қайси чет эл компаниялари томонидан қазиб чиқарилиши ҳақида маълумот берилди.

Табиий газ экспорти бошқармаси бошлиғи Баҳодир Туробовнинг сўзларига кўра, умумий ҳисобда газ қазиб чиқаришда хориж компанияларининг улуши 25 фоизни ташкил этади. Асосийлари «Лукойл», «Газпром» ва Хитойнинг CNPC (China National Petrolium Corporation) компанияларидир.

Тадбир давомида ички талабни қондирмай туриб, табиий газ экспорти амалга оширилаётгани масаласига мутасаддилар изоҳ беришди.

«Ўзтрансгаз» АЖ бошқарув раиси ўринбосари Муродулла Бошмановнинг айтишича, республика табиий газини фақат маҳаллий компаниялар эмас, балки чет эл корхоналари ҳам қазиб чиқаради.

«Уларнинг ўз сотиш ҳуқуқи бор. Барча ишлар келишилган шартнома асосида қилинади. Ўзбекистонда табиий газ қазиб чиқариш 8 фоизга ошган. Аммо маҳаллий компанияларнинг улуши 29 фоизга камайган. Ҳозир асосий экспортёрлар хориж компаниялари ҳисобланади», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top