19:43 / 25.07.2019
3024

Давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур бўлган 1,5 миллиарддан ортиқ маълумотлар рақамлаштирилмаган - ДХМ

25 июль куни Олий Мажлис Сенатида Суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан Адлия вазирлигининг жорий йил илк олти ойлигида қилган ишлари тўғрисида ҳисоботи тингланди. Унда Давлат хизматларини жорий қилиш ва ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Махмуд Абдижалиев ДХМлар фаолиятида дуч келинаётган тўсиқлар тўғрисида гапирди.

«Бизнинг олдимизда кўндаланг турган вазифа – давлат хизматларида инсон омилини камайтириш. Барча вазирлик, ташкилотларни рақамли тизимга ўтказишимиз керак. ФХДЁ органларини инвентаризация қилганимизда, давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур бўлган 1,5 миллиарддан ортиқ маълумотлар онлайн тизимга ўтказилмагани аниқланди. Ички ишлар вазирлигининг судланганлик тўғрисидаги маълумотларини олиш қийинчилик туғдирарди. Ҳозир муаммо ҳал бўлди. Айни вақтда 100дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилаётган бўлса, 58та идоранинг маълумотлар базаси рақамлаштирилиши керак. Бу масала маблағ, ходимлар штати, архивга бориб тақаляпти. Бунинг натижасида фуқароларнинг иши секинлашяпти. Айбдор биз бўлиб қоляпмиз. Мана шу масалада бизга ёрдам беришингизни сўрайман», дея Қўмита раҳбариятига мурожаат қилди Абдижалиев.

Абдижалиевнинг сўзларига кўра, тармоқ рақамлаштириладиган бўлса, қўмита танқид қилаётган кадрлар муаммоси ҳал қилинади. Юқорида айтилганидек, бунинг натижасида, инсон омили камаяди ва автоматлаштирилган тизим иш бошлайди.

Top