16:25 / 01.08.2019
11688

Британиялик экспертлар Тошкентга «журналист» тушунчасини қайта кўриб чиқишни тавсия этмоқда

Фото: Shutterstock

Буюк Британиянинг Халқаро сўз ва ахборот эркинлигини қўллаб-қувватловчи ARTICLE 19 ташкилоти Ўзбекистонда сўз эркинлигининг таъминланиши ҳамда ОАВ фаолиятига бағишланган иккита ҳисобот тайёрлади ва эълон қилди. 

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати хабарига кўра, экспертлар томонидан “Журналистик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳуқуқий жиҳатдан таҳлил қилинган.

Ҳисоботда таъкидланишича, ARTICLE 19 ташкилоти юқорида келтирилган қонунларни сўз эркинлиги халқаро стандартларига мувофиқлиги бўйича таҳлил қилган ҳолда тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиққан.

Мисол учун, “Журналистик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида қатор масалалар юзасидан аниқлик киритилиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайдилар. Жумладан:

– Ўзбекистон сўз эркинлиги билан боғлиқ қонунчиликни тўлиқ баҳолаши ва қонунларнинг халқаро ҳуқуқ нормаларига тўлиқ мос келишини таъминлаши керак. Қонунчилик, сўз эркинлигининг ҳар қандай чеклови халқаро инсон ҳуқуқларининг уч қисмли критерийларга қатъиян мослиги таъминлаши керак;

– Қонунда “Журналист” тушунчаси қайта кўриб чиқилиши керак. Журналистика янада функционал таъриф билан алмаштирилиши ва алоқа воситаси орқали жамоатчиликка ахборот йиғиш ва тарқатиш билан мунтазам ёки профессионал тарзда шуғулланган ҳар қандай жисмоний ёки юридик шахсга қўлланилиши керак;

– Қонунга, ҳар бир инсонга (журналистлар ва журналист бўлмаганлар) ахборотни излаш ва фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида ўзгартириш киритилиши керак. Ахборотдан фойдаланишнинг ҳар қандай чекловлари халқаро стандартлар талабларига жавоб бериши керак. Ўзбекистон ахборот фойдаланиш эркинлиги ҳақида кенг қамровли қонунни қабул қилиши керак; 

– Ўзбекистонда адлия тизими тўлиқ мустақил ва мамлакатдаги барча инсон ҳуқуқларини етарлича ҳимоя қилиши керак. Улар барча қонунларни сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга мослигини таъминлай олиши керак. Бундай қоидалар ички қонунчиликнинг бир қисми бўлиши керак. Ҳисоботда шу каби кўплаб таклифлар тақдим этилган.

Бундан ташқари, ARTICLE 19 ташкилоти Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуни бекор қилиниши ёки тубдан қайта кўриб чиқилиши лозим, деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича вазият яхшилангани ҳамда инсон ҳуқуқлари халқаро стандартларига зид қонунларни ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватланиши билдирилган.

Халқаро ташкилот экспертларининг фикрича, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонунда ОАВларнинг асосий вазифаси — янгиликларни эълон қилиш ва ҳукумат устидан жамоатчилик назорати сифатида ҳаракат қилиш эканлигини аниқ кўрсатилиши керак. Давлат, унинг органлари сўз эркинлиги ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилишда доимо кам чекловчи воситалардан фойдаланишларини талаб қилишлари керак. 

Top