14:14 / 02.08.2019
8884

Ўзбекистон ва АҚШ Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш масаласини муҳокама қилди

Фото: Livejournal

2019 йилнинг 2 август куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов АҚШ Давлат департаментининг Европа, Евросиё ва Марказий Осиё мамлакатларига ёрдам бериш бўйича координатори Жеймс Куликовски билан учрашди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон - АҚШ алоқаларининг юқори суръатда эканлиги ва 16-23 июль кунлари Ўзбекистон делегациясининг АҚШга амалга оширган ташрифининг муваффақиятли якунлари мамнуният билан қайд этилди. Таъкидланганидек, мазкур ташриф якунлари турли соҳаларда икки томонлама муносабатларини янада ривожлантиришнинг амалий масалаларини кўриб чиқишга имкон берди.

Шунингдек, иқтисодий ва технологик модернизация, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим, суд-ҳуқуқ ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ масалалар муҳокама қилинди.

Учрашувда БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди доирасида молиявий ёрдам кўрсатиш орқали Орол экологик фожиаси оқибатларини юмшатишда ҳамкорлик қилиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди, дейилади ТИВ хабарида.

 

Top