18:31 / 06.08.2019
15671

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳокимликлар томонидан бизнесни камситишнинг навбатдаги ҳолати ҳақида хабар берди

Фото: Fotolia

Андижон вилояти Асака тумани ҳокимлиги “Қишлоқ Қурилиш Инвест” инжиринг компанияси Андижон филиали директори номига жорий йилнинг 7 январида юборган хатида Асака тумани Ҳумо кўчасида ва “Амир Темур” мавзесидаги 2та тўрт қаватли уй-жой биносини қурилиши учун тавсия қилинган “Шаҳрихон Юлдузи” МЧЖ ва “Сапфир Бўстони” МЧЖ ўрнига “Моҳир меъмор қурувчи” МЧЖ ва “Идеал Бунёдкор” МЧЖни бош пудратчи сифатида алмаштиришни сўраган ва бу билан рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузилишига йўл қўйган. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Яна бир ҳолат Қашқадарё вилоятида кўриб чиқилди. Унда Деҳқонобод тумани ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси геология ва минерал ресурслар давлат қўмитасига жорий йилнинг 13 апрелида йўллаган хатида доломит қазиб олиш учун “KVARTS” АЖ геологик қидирув ишларини олиб боришлари учун лицензия олиш бўйича танловда ғолиб чиққан тақдирда ҳам, Деҳқонобод туманида солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтганидан кейин, ер ажратилиши тўғрисида кафолат хати берилиши “KVARTS” АЖ га ортиқча, камситувчи шартларни қўйилишга олиб келган.

Бугунги кунга келиб, Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан республиканинг 56 та шаҳар ва туманларида ўрганишлар ўтказилиб, 218 та ҳолатда маҳаллий ҳокимликлар томонидан рақобатни чеклайдиган ҳужжатлар қабул қилингани ҳамда рақобатни чекловчи хатти- ҳаракатларни содир этиш аломатлари аниқланган.

Натижада, 37 та шаҳар ва туман ҳокимликларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни талабларини бузиш аломатлари бўйича ишлар юритувга олиниб, Махсус комиссияларда кўриб чиқилди, тегишли тақдимномалар киритилди, рақобатни чеклашга олиб келган 10 та ҳужжат бекор қилинди.

Top