12:24 / 08.08.2019
32303

Humo тўлов тизими нега ташкил этилди? Раҳбар билан катта интервью

Миллий банклараро процессинг маркази раҳбари Шуҳрат Қурбонов Kun.uz’га берган интервьюсида янги ташкил этилган Humo тўлов тизими ҳақида маълумот бериб, айрим саволларга жавоб берди.

Humo нега ташкил этилган?

Humo тизимидан барча банклар бир хил фойдалана олиши керак. Шунинг учун Миллий банклараро процессинг марказ Республика Марказий банки ҳузурида ташкил этилди. Тўлов тизимини ташкил этишдан мақсад, бозорда мавжуд ва фаолият юритиб келган тизимга ўхшаш яна битта хизматни ишга тушириш эмас. Аслида, тизим банклар учун яратилди. Давлат раҳбари имзолаган қарорга мувофиқ, Humo тўлов тизими икки йил ичида тўлақонли банклар ихтиёрига ўтказилиши керак.

Кўпчилик маҳаллий банкларда ўз процессинг маркази мавжуд, фақат улар VISA ва MasterCard тизимида эмиссия қилинган карталар учун ишлайди. Бизнинг олдимизда турган вазифа – банклар ўз процессинг марказларида Humo’ни ҳам ишлатиш имкониятига эга бўлсин. Содда қилиб айтганда, Humo марказлашган тўлов тизими бўлмайди. Айни пайтда марказда муаммо бўлса, барча ерда муаммо ўз аксини кўрсатади. Humo марказлашган тизим бўлиб, унда нимадир ишламаса, ҳеч кимда карта ишламай қолади. Бундай ҳолатларни кўрдик, шу туфайли марказлашган тизимдан узоқроқ кетиш керак.

Ҳар битта банк ўз имкониятидан келиб чиқиб, маҳсулотини бозорга чиқариши ва мижозлар учун курашиши керак. Шунда ички рақобат келиб чиқади. Биз мижозлар билан ишламаймиз, карта кўплиги ё кам эканлиги масала эмас, балки банклар бу карталар билан ишлашни ўрганиши керак.

Humo қандай фарқланади?

Контактсиз тўловлар – NFC технологиясида ишлайдиган карталар бизнинг ташриф қоғозимиз. Шу туфайли, мижозларни маъмурий йўллар билан кўпайтириш режаси умуман йўқ. Янги технология ва қулайликлар яратиш билан рақобат кучайиб боради. Картани мажбурлаб тиқиштириш даври ўтиб кетди, ҳозир ҳеч кимни ўзи истамаган ишга мажбурлаб бўлмайди. Картани ҳам, иложи бўлса, уйига чиройли конвертда элтиб бериш керак.

Қисқа муддатда ярим миллион фойдаланувчи қандай пайдо бўлди?

Биз ишни карта қўйиш эмас, терминалларни ишга тайёрлаш билан бошладик. Ишни тўлақонли бошлаш учун инфратузилмани ҳосил қилдик. Апрел-май ойларида терминаллар қўйилди, кейин карталар мижозларга таклиф қилинди. Контактсиз тўловни амалга ошириш кўпчилик учун қизиқ бўлди. Бундан ташқари, Humo карталарини эмиссия қилиниши банклар учун анча иқтисодий фойда келтирди. Негаки, унинг харажатлари анча паст, янги технологиялар билан ишлайди. Мижознинг исм-фамилияси пластик картада бўртма ҳарфлар билан ёзилган, бироз муддат фойдаланилса, ёзув ўчиб кетмайди.

Тизимда қандай янгиликлар бўлади?

Пластик карталар бозорида охирги бир йилда ундан аввалги беш йилга қараганда кўп ўзгариш юз берди. Масалан, ўрнатилган 85 мингта терминалларда VISA картани қабул қилиб, тўловни амалга ошириш имконият пайдо бўлади. Бу масалада техник ишлар якунланган, юридик томондан шартномалар тузилмоқда. Маълумотимга кўра, халқаро карталарни қабул қилувчи терминаллар сони 4-5 мингтадан ошмаган. Хорижий шахс, тадбиркор ё инвестор қўлидаги карта қаерда ишлайди, деб юриши керак эмас. Бу масала энди бартараф этилади. MasterCard билан катта шартнома тузиш мақсадида музокара олиб боряпмиз. Бунинг якунида, MasterCard қабул қилинадиган барча терминалларда Humo картаси ҳам ишлайди. Йил якунига қадар, ушбу масалада ҳам ижобий натижага эришамиз, деб умид қиламан. Шундан кейин, чет элга чиқмоқчи бўлган юртдошларимиз алоҳида карта очишига эҳтиёж қолмайди.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди

Top