Ўзи нима бўляпти?

Жамоат транспортларига ўрнатилган валидаторга Humo картаси билан тўлов қилинганда балансида маблағ бўлса-да, хатолик бўлаётгани, сабабсиз бир неча маротаба пул ечиб олиш ҳолатлари кузатилаётгани ҳақида йўловчилардан Kun.uz’га мурожаат келиб тушди.

“21 июн куни Humo картаси орқали тўлов қилганимда автобусдаги махсус ечиб олиш учун қўйилган Atto қурилмаси экранида техник хато (ошибка) кўрсатилди. Аммо пластик картамдан кетма-кет равишда 9 марта, яъни 1 минг 400 сўмдан жами 12 минг 600 сўм ечиб олинди.

Kun.uz’га муаммо юзасидан мурожаат қилган фуқаро юборган суратдан скриншот / Фото: Kun.uz

Бу каби ҳолатлар охирги икки кун ичида Тошкент шаҳридаги йўловчилар орасида кўп учраяпти. Аслида валидаторга карта урилганида “галочка” белгиси чиқиши керак, лекин охирги кунларда фақат хатолик чиқяпти. Кейин қарасам, бирин-кетин пул ечилгани ҳақида смс келяпти.

Ўзи бу масала анча олдин Мирзо Улуғбек метро станциясига тушгандимда бошланганди. Ўша ерда ишловчи қизлардан сўраганимда, улар қурилма ишламаётганини айтишганди. Кейин нақд пулда чек олишга мажбур бўлгандим.

Ўша куни кечроқ картамга қарасам умуман қолдиқ сумма ҳам қолмаган, доим 20 минг сўм атрофида қолдиқ маблағ турарди, метрога тушган куним шу пуллар йўқ бўлиб қолди. Қолмагандир-да, деб Humo картамга 14 минг сўм ўтказдим, кейин яна метрога тушдим. Яхши ишлади. Кейин кечроқ Чилонзордан 8-сонли автобусга чиққандим, ўшандан яна “ошибка” беришни бошлади”, дейди таҳририятга мурожаат йўллаган Жамшид Ҳасанов.

Ҳолатни ўрганиш учун Kun.uz мухбири Twitter’да кичик сўровнома ўтказди, аксарият муштарийлар жамоат транспортидан фойдаланишда Humo картаси билан муаммо бўлаётганини, уларда ҳам валидаторга урилганида карта ишламай қолаётганини маълум қилди.

“Одатда Humo картасидан муаммосиз пул ечиб олинарди. Лекин сешанба куни Космонавтлар метро бекатида биттада ечолмади. Бекатдаги навбатчи қизнинг айтишича, бунақа ҳолатлар тез-тез бўлиб туради. Нима сабаб бўлаётганини эмас, ечимини айтди — АТТО картадан фойдалан деб”, дейди бир респондент.

“Humo карта ишлатаман. Бир кун аппарати (валидатор) икки марта автобусда қизил кўрсатиб қолди. Лекин телефонимга пул ечилгани тўғрисида хабар келди. Бугун яхши ишлаяпти”, – дейди яна бир фуқаро.