15:08 / 09.08.2019
32588

1600дан зиёд тез ёрдам машинаси ҳайдовчилари чақирув давомида тезликни оширгани учун жаримага тортилган

Охирги уч йил давомида фуқаролар мурожаати билан чақириққа йўл олган тез ёрдам машинаси ҳайдовчилари тезликни қайд этувчи фоторадар ва камераларга тушгани учун жаримага тортилиб келинган. Бу ҳақда Ўзбекистон телеканалида эфирга узатилувчи «Муносабат» кўрсатувининг навбатдаги сонида маълум қилинди.

Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Ёқубовнинг айтишича, тиббиёт соҳасидаги муаммолар ўрганилганда мурожаатга асосан чақирувга йўл олган тез ёрдам машинаси ҳайдовчилари йўлларда тезликни қайд этувчи камера ва фоторадарларга тушган тақдирда жавобгарликдан озод қилинмай, жаримага тортилиб келинаётгани маълум бўлган.

«Биз статистикани олиб кўрганимизда охирги уч йил давомида, яъни, 2017 йилдан бошлаб жорий йилнинг биринчи ярмига қадар 1600 дан зиёд шундай ҳолат юз берганига дуч келдик. Қарангки, бу каби мантиқсизлик амалиётда бор. Тез ёрдам чақириқ олган, аслида ҳамма унга йўл бериши керак, лекин машина радарга тушгани учун ҳайдовчи Ички ишлар органларига чақирилиб маъмурий жавобгарликка тортиляпти, жарима тўлаяпти. Бугунги кунга қадар 80дан ортиқ тез ёрдам машинаси ҳайдовчилари жавобгарликка тортилиб, судма-суд юришибди». 

Ёқубовнинг қўшимча қилишича, Адолат социал демократик партияси депутатлари ташаббуси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг ўн еттинчи моддасига тегишли ўзгартириш киритиш бўйича ташаббус ишлаб чиқилган. 

«Ташаббусимиз бошқа депутатлар томонидан ҳам маъқулланди ва қабул қилинди. Унга кўра, эндиликда чақирув олган тез ёрдам машинаси ҳайдовчилари тезликни қайд этувчи радарларга тушган тақдирда жавобгарликдан озод қилинади», дейди Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати.

Top