17:36 / 10.08.2019
9204

Экология инспекцияси: Бўстонлиқдаги чиқиндилар билан боғлиқ ҳолат бартараф қилинди

2019 йилнинг 8 август куни KUN.UZ сайтида “Бўстонлиқнинг сўлим экологиясига зарар етказаётган ҳайдовчиларга ким чора кўради?” сарлавҳаси остида чоп этилган мақолада келтирилган ҳолат юзасидан Давлат экология қўмитасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекция ҳамда унинг Тошкент вилоятидаги бўлинмаси билан Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани “Кичиксой” МФЙга чиқиб ўрганилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, ҳақиқатан ҳам ушбу қишлоқнинг жарлик қисмида қурилиш чиқиндилари мавжуд бўлиб, мазкур ҳолат фуқаро С. Р. томонидан юзага келтирилган. Унинг сўзларига кўра, мазкур ер унинг бувасига тегишли бўлиб,  бувасига унинг онасидан мерос бўлиб ўтган. Даставвал мазкур ернинг умумий майдони 7 гектарни ташкил қилиб, сел, кўчки каби табиий офатлар натижасида 3 гектари ўпирилиб кетган. С. Р. оиласига қарашли бўлган ернинг қолган қисмини сақлаб қолиш, уни мустаҳкамлаш мақсадида ўзига тегишли бўлган юк машинасида қурилиш чиқиндиларини тўкиб устидан тупроқ тортиш, келгусида иморат солиб, уни кадастрдан ўтказишни режалаштирган.

Қурилиш чиқиндилари билан бирга қишлоқнинг пастки қисмида тўпланиб қолган маиший чиқиндилар масалалари, санитар тозалаш хизматларини кўрсатиш бўйича жамоа шартномаларининг тузилганлиги ёки тузилмаганлиги юзасидан Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани “Кичиксой” МФЙ раиси Назарова Зуҳрага мурожаат қилинди.

Унинг сўзларига кўра, “Кичиксой” МФЙ таркибида 7 та кўча мавжуд бўлиб, чиқиндихона “Кўҳнақўрғон” (собиқ Оқ тош кўчаси) кўчасида юзага келган. Мазкур ҳудуддда 159 та хонадан истиқомат қилиб, шулардан 83 таси маҳаллий хонадон вакиллари, қолган 76 таси шаҳар аҳолиси вакиллари (“дача эгалари”) ҳисобланади. Маиший чиқиндилар тўпланган жой мазкур кўча бошида – жарликнинг пастки қисмида жойлашган ҳудудда (ушбу ҳудудда 11 хонадон истиқомат қилади) аҳоли томонидан юзага келтирилган. Санитар тозалаш хизматлари учун тўловлар тўланмаган. Ёз мавсумида дам олиш учун ташриф буюрган фуқаролар эса бу ерда ижарада вақтинчалик тураётганлари сабабли мазкур тўловларни хонадон (“дача эгалари”) соҳиблари тўлашлари керакли маълум қилганлар.

Ўтказилган тадбир давомида маҳалла раиси, унинг фаоллари, хонадон эгалари билан суҳбат давомида қишки мавсумда маҳаллий ҳокимият органлари томонидан йўлларнинг таъмирланмаганлиги сабабли мазкур жойга махсус техникаларнинг туша олмаслиги, ўз навбатида санитар тозалаш хизматларининг тўлақонли амалга ошириш имкони мавжуд эмаслиги аниқланди.

Юқорида баён этилган ҳолатлар юзасидан маҳаллий аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилди. Шу билан бирга “Кўҳнақўрғон” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро С. Р.га нисбатан Ўзбекистон Республикасининг “Чиқиндилар тўғрисида” ги қонуннинг 13-моддаси талабларининг бузилганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 91-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, мазкур ҳудудни чиқиндилардан холи этиш бўйича огоҳлантириш берилди.

2019 йил 9 август куни фуқаро С. Р. томонидан ушбу ҳудуд чиқиндилардан холи қилинди.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top