19:15 / 20.08.2019
20605

Маблағ йўқ. Олмалиқ шаҳрини ободонлаштириш учун ажратилган маблағлар нимага сарфланмоқда?

Ўзбекистоннинг фақат пойтахт, балки ҳудудлардаги шаҳар ва қишлоқларини ободонлаштириш, қиёфасини ўзгартириш учун нафақат республика, балки маҳаллий бюджетдан ҳам маблағлар ажратилмоқда. Айрим ҳолларда фуқаролар томонидан ушбу маблағлар қаерга сарфланмоқда, деган ҳақли савол туғилади. Негаки, қурилиш-ободонлаштириш ишлари баъзи ҳудудларда охирига етказилмай қолмоқда.

Олмалиқ шаҳрида истиқомат қилувчи бир неча фуқаро Kun.uz таҳририятига мурожаат қилиб, шаҳарнинг айрим кўчалари ва пиёдалар йўлакларини таъмирлаш ишлари охирига етказилмагани, ёритиш чироқлари охиригача ўрнатилмагани, ободонлаштириш учун давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар қаерга, нима учун сарфланаётганига доир саволларга жавоб ололмаётгани ҳақида мурожаат қилишган. Унда шаҳарнинг Ибн Сино, Улуғбек ва Ҳамид Олимжон кўчаларида таъмирлаш ишлари охирига етказилмай чала қолгани таъкидланади.

Биз муаммо нимадан иборат эканини мурожаатчиларнинг ўзидан эшитиш мақсадида Олмалиқ шаҳрининг «Ибн Сино» маҳалласига бордик ва фуқаролар билан учрашдик.

«Дарахтлар қуриб кетяпти, ҳеч ким эътибор қилмаяпти. Беш-олтита одамнинг югургани билан ҳеч нарса бўлмайди. Ҳокимлик вакиллари халқни эшитса, бирга ишласа, бунақа ҳолатлар бўлмайди, деб ҳисоблайман. Ободонлаштириш бўйича Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан яхши ишлар бошланди. Маҳалламиздаги ўрта кўчалар таъмирланди, лекин кейинчалик бу ўлда-жўлда қолиб кетди. Болалар юриши қийин, чунки ёмғир ёғса сув тўлиб қолади. Балчиқ бўлиб кетади. 2- ва 5-мактабларга боришда жуда қийналишади. Биздаги ички йўлларнинг бирортаси таъмирланмаган. Пиёда йўлаклари таъмирланмаган», - дейди Замира Бердимуродова.

Замира Бердимуродова

«Бу ишлар «Обод маҳалла» дастури доирасида ўтган йили қилиниши керак бўлган, лекин ҳокимият томонидан пул ажратилмади. «Обод маҳалла» бўлиб, кейинги маҳаллага ўтиб кетди. «Абдулла Авлоний» маҳалласи бу йилги «Обод маҳалла» дастурига киритилган, лекин у ерда ҳам ободликдан ҳеч нарса йўқ. Айнан пиёда йўлаклари таъмирланмагани боис, аҳоли ҳаётига хавф туғилмоқда. Нимага? Чунки, йўлак бўлмагани сабабли аҳоли автомобиль йўлидан юришга мажбур бўлмоқда. Йўлга эса, 2та машина зўрға сиғади. Йўлакда кетолмаган пиёда йўлга чиқса, ҳаёти хавф остида қолмоқда», - дея таъкидлайди Ойбек Эрматов.

Ойбек Эрматов

Хўш, мурожаатчилар билдирган фикрларга шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари қандай жавоб беради? Шу мақсадда шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Бобур Шульмистер билан учрашдик.

«Олмалиқ шаҳрига ободонлаштириш ва қурилиш ишларига 8 млрд сўм маблағ ажратилган. Ундан 10та ижтимоий мактаб объектлари: 5та мактаб (15, 18, 19, 20 ва 22-мактабларнинг том қисмларини жорий таъмирлаш, иситиш тизимларини жорий таъмирлаш) ва 5та боғчанинг (2, 6, 9, 12, 32) ҳожатхоналарини таъмирлашга 1 млрд сўм тақдим этилган. Бундан ташқари, 3та маҳалламизда, булар «Тошкент», «Ойдин» ва «Кимёгар» маҳаллаларидаги ички йўллар жорий асфальтланган. Бунинг учун 900 млн сўм ажратилган.

Шу билан бирга, шаҳарга кириб келаверишдаги бош кўчамиз – Эҳтиром кўчасининг икки чеккаси бўйлаб 3 км.га яқин масофага панжара ўрнатилган, бундан мақсад фуқароларнинг кўчага чиқиб кетишининг олдини олиш. Йўл атрофи ободонлаштирилди. Қолаверса, кириб келаверишда учта йирик чорраҳа бор, уларнинг атрофи ҳам ободонлаштирилди, шу 8 млрд сўм маблағ ҳисобидан», - деди ҳоким ўринбосари.

Бобур Шульмистер

Умуман, ҳоким ўринбосарининг сўзларига кўра, 8 млрд сўм 17та пункт бўйича тақсимланган. Кўчаларга ташқи ёритқич чироқлари ўрнатиш, фуқароларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун шароит яратиш мақсадида ўриндиқлар ўрнатиш, замон талабларига мос равишда кўчалар ташқи қиёфасини ўзгартириш кабилар ҳам шу маблағ ҳисобидан бажарилган. Хусусан, А.Темур кўчасини ободонлаштириш, ландшафт дизайнларини замонавийлаштириш мақсадида 3 млрд сўм, Таначи-Бўка канал бўйини ободонлаштириш ишларига 1,3 млрд сўм сарфланган.

Туман ҳокими ўринбосари Бобур Шульмистердан Ҳамид Олимжон кўчасига 20та ташқи ёритқич чироқлари ўрнатилгани, 13тасининг ўрни тайёрлангани ҳолда ўрнатилмай қолганининг сабабини сўрадик. Чунки, ҳокимликнинг фуқаро мурожаатига жавобида ушбу мақсадда 170 млн сўм маблағ ажратилгани, ишлар тўлиқ битказилгани айтилган.

«Бу ерда ишнинг чала қолганига сабаб пул маблағи кўчанинг охиригача ажратилмаганида. Яъни маблағ етмай қолгани боис, қурувчи ишларни маблағ етгунча амалга оширган. Аниқроқ айтганда, шартнома бўйича 170 млн пул ажратилиши лозим эди, лекин маблағ танқислиги сабабли ҳаммаси ўтказилмаган, шунинг учун ҳам иш охирига етказилмаган, аммо таъкидлаш керак, пул бажарилган ишга тўлиқ ўтказилган. Пудратчи ишни 2017 йилда бажарган. Биз бажарилган ишни, бажарилган, қилинмаганини қилинмаган, деб маълумот берамиз. Қолган қисми маблағ берилмагани сабабли тўхтаган. Келажакда бу кўчани яна дастурларга киритишни ўйлаяпмиз», - дея ойдинлик киритди ҳоким ўринбосари.

Шульмистер, шунингдек, Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳомийлик маблағлари ҳисобидан Ибн Сино кўчасига 2018 йилда 9,8 минг квадрат метр, Ибн Сино тор кўчасига 1,6 минг квадрат метр асфальт ётқизилганини маълум қилди. Унинг айтишича, ушбу кўчада ковланган жойлар бўлиб, август ойида барчаси тузатилади.

Бундан ташқари, фуқаролар Улуғбек кўчаси 31а-уй ноқонуний қурилган, деган фикрда бўлишди. Бироқ, ўрганишларимизга кўра, бу хонадон учун шаҳар ҳокимининг қарори ва кадастр ҳужжатлари мавжудлиги аниқланди.

Хуллас, мазкур ўрганишимиз хулосаси сифатида айтадиганимиз шуки, шаҳар ҳокимлиги фуқаролар билан ишлашда янада шаффофроқ бўлса, мурожаатларига батафсил, рақамлар асосида маълумот ва тушунтириш берганида шу каби тушунмовчилик бўлмасди, балки. Шунинг баробарида, мурожаатчиларнинг Бўка-Олмалиқ магистрал автойўлининг Улуғбек кўчаси билан туташиб кетган қисмига светофор ўрнатилмаётгани важини ўрганганимизда, айтилган жойдан 50-100 метр узоқликда бошқа бир светофор борлиги аниқланди. Ҳокимлик ушбу масалага ўз фикрини билдириб, ҳайдовчиларда ҳар 100 метрда пиёдалар учун светофор ўрнатиш билан боғлиқ ҳақли эътироз пайдо бўлишини таъкидлади.

Толиб Раҳматов

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top