16:50 / 20.08.2019
32368

Мамаризо Нурмуратов: «Марказий банк Ўзбекистон олтинининг ягона сотиб олувчисидир»

Фото: Andrey Rudakov/Bloomberg

Марказий банк Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган олтиннинг ягона сотиб олувчиси ҳисобланади. Олтинни сотиб олиш орқали банк иқтисодиётга қўшимча пул чиқаради. Сотиб олинган олтин миқдоридаги валютани яна иқтисодиётга сотиш орқали бозордаги мувозанатни таъминлаш функцияси бажарилади.  Бу ҳақида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов валюта сиёсати бўйича ўтказилган матбуот анжуманида тўхталиб ўтди.

Маълум қилинишича,  2018 йилда Ўзбекистонда 3,6 млрд доллар қийматида олтин ишлаб чиқарилган. Марказий банк ички бозор эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда 3,2 млрд доллар миқдоридаги интервенциялар билан валюта бозорида қатнашган.

Нурмуратовнинг қайд этишича, Марказий банк валюта бозорида курсининг ўзгаришига таъсир кўрсатмаган ҳолда иштирок этишга ҳаракат қилмоқда. “Валюта курсини бозор белгилаб бериши керак. Курс шаклланишида Марказий банк фаол қатнашадиган бўлса, бозорда мувозанатнинг бузилишига сабаб бўлади, бу салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Марказий банк валюта қийматининг табиий шаклланишига таъсир кўрсатмайди”, ─ дейди раис. 

Валюта курсининг ўзгариши ҳақида гапирар экан, Марказий банк раиси доллар курси билан боғлиқ ўзгаришлар бутун дунёда кузатилаётганини таъкидлади. Унга кўра, сўнгги олти ойда доллар курсининг тебранишига халқаро савдо алоқаларидаги келишмовчиликлар ва йирик давлатлардаги ички протекционизм сабаб бўлмоқда.

“АҚШ айрим йирик давлатларга халқаро савдо жараёнида чекловлар қўйиши сабабли кўпгина давлатларнинг молиявий бозорида салбий ҳолатлар кузатилмоқда. Сўнгги икки йил давомида долларга нисбатан евро 6,9 фоизга, фунт-стерлинг 7,1 фоизга, юан 7,6 фоизга қадрсизланди. Бу давр ичида долларнинг индекси 6,6 фоизга ўсди, яъни бошқа валюталарга нисбатан қадри ошди.  Бунинг таъсирида глобал иқтисодий ўсишнинг секинлашуви кузатилмоқда. Хусусан, иқтисодий ўсиш жорий йилда Хитойда 6,2 фоиз,  Германияда 0,7 фоиз,  Европа Иттифоқи давлатларида 1,3 фоиз, Россияда 1.2 фоизга пасайиши кутилмоқда”, ─ дейди Мамаризо Нурмуротов.

Top