20:02 / 21.08.2019
9152

АҚШ ракеталарни йўқ қилиш бўйича Россия билан янги шартнома тузиши мумкинлигини билдирди

Фото : Missile Defense Agency via AP

АҚШ қуролларни назорат қилиш бўйича Россия билан янги келишув имзолаш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда АҚШ давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Дэвид Хейл "Хабар 24" телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

"Биз қандайдир янги нарсани кўришни истардик. Эҳтимол, сермаҳсул музокаралар натижасида ракеталарни йўқ қилиш бўйича янги шартнома тузиш имконияти бордир. Бу ҳар икки томон хоҳиши, мақсадларига боғлиқ. Бу мавзуда россиялик ҳамкасбларимиз билан бир нечта учрашув ўтказдик, улар давом этади деган умиддаман", - деди Хейл.

Эслатиб ўтамиз, 2 август куни АҚШ давлат котиби Майкл Помпео Вашингтон Ўрта ва кичик масофаларга мўлжалланган ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги шартномадан чиқишини эълон қилди. Россия ташқи ишлар вазирлиги ҳам шартнома 2 августдан АҚШ ташаббуси билан бекор қилинганини тасдиқлади.

Top