15:10 / 23.08.2019
23969

Қатор йирик корхоналар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга ўхшаш товарларни импорт қилган

Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлисида импорт қилинаётган маҳсулотлар ҳажми ва унга бўлган эҳтиёжни аниқлаш, импорт маҳсулотларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг ҳисоботи эшитилди.

Фото: Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, республикада янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилаётган бўлса-да, айрим вазирлик ва идоралар, ҳудудий корхоналар, жисмоний шахслар томонидан Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга ўхшаш товарлар ва асосий фаолиятига хос бўлмаган товарлар импортини амалга ошириш давом этмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 878,8 млн. долларга тенг бўлган ўзимизда ишлаб чиқарилаётган товарлар импорт қилинган. Жумладан, “Ўзавтосаноат” АЖ, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўзэлтехсаноат” АЖ, “Ўзчармсаноат” уюшмаси, Олмалиқ КМК томонидан республикамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга ўхшаш товарлар импорти амалга оширилган.

Мажлисда таъкидланганидек, импорт ҳажмининг маҳсулотлар кесимидаги таҳлили ташқи савдони тариф ва нотариф бошқаришга эҳтиёж ошиб бораётганлигини кўрсатди. Хусусан, республика импортидаги божхона божларининг амалдаги тариф ставкалари ўртача қиймати 5,6 фоизга тенг бўлиб, маҳсулотларнинг 62,7 фоизи учун ноль ставкалари қўлланилиб келинмоқда. Бу ўз навбатида, республикамиздаги маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга салбий таъсир этиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришдан кўра четдан тайёр маҳсулотлар олиб кирилишини рағбатлантирмоқда.

Қолаверса, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан етарли даражада назорат олиб борилмаётганлиги сабабли айрим ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари маҳсулотлар божхона қийматини камайтириб, баъзи ҳолларда эса кўпайтириб кўрсатишлари натижасида импорт қилинган маҳсулот ички бозорда 3 5 баробарга қимматга сотилмоқда.

Фото: Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати

Шу каби муаммолар ҳамда олинган маълумотлар таҳлилидан келиб чиқиб, мажлисда маҳаллий ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган сифатли товарлар билан тўлдириш, ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотларнинг ҳажмларини ошириш, импорт қилинаётган маҳсулотларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш, уларни маҳаллийлаштириш бўйича белгиланган вазифаларнинг Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан ижро этилиши талаб даражасида эмаслиги қайд этилди. Хусусан, назорат йўқлиги ва тегишли чоралар кўрилмаганлиги натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида тармоқ корхоналари томонидан умумий қиймати 340 млн. доллар бўлган 8 та объект ишга туширилиши таъминланмаган.

Мажлисда мавжуд муаммолар ечими хусусида сўз юритилар экан, импорт қилинаётган маҳсулотлар ҳажмини аниқлаш, уларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг мавжуд ҳолатини ҳар бир вазирлик ва идора, маҳаллий ҳокимиятлар, хўжалик юритувчи субъектлар даражасида ўрганиб чиқиб, долзарб вазифалар ечимини таъминлаш юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш лозимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, бу йўналишда вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида хабардорлик даражасини ошириш мақсадида “on-line” ахборот алмашув тизимини жорий этиш зарурлиги айтиб ўтилди.

Top