08:01 / 29.08.2019
0
4853

Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон - Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди

Фото: bta.bg

27 август куни Хитой Халқ Республикаси пойтахти Пекин шаҳрида ХХРда ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси бош вазири А.Арипов ҳамда Хитой коммунистик партияси марказий қўмитасининг сиёсий-ҳуқуқий комиссияси котиби Гуо Шенгкун раисликларида Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг навбатдаги 5-йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва ХХР раиси Си Жинпинг ўртасидаги олий мақомдаги музокаралар мобайнида эришилган икки томонлама келишув ва битимларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган. Қайд қилинишича, икки давлат етакчиларининг мунтазам учрашувлари ва сиёсий иродаси шарофати билан Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари янги сифат босқичига кўтарилган.

Томонларнинг қайд этишларича, Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитаси ва унинг соҳага оид остқўмиталарининг ҳар йилги йиғилишлари инвестициялар, савдо, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, маданият, фан ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги илғор инвестициялар, инновациялар, технологиялар, шунингдек транспорт коммуникациялари соҳасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация ва диверсификация қилиш, унинг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган янги инвестицион ва бошқа лойиҳалар муҳокама қилинган ва маъқулланган.

Иккитомонлама савдо ҳажмлари ва сегментларини янада ошириш, ўзбек маҳсулотларининг Хитой бозорига етказишни кўпайтириш бўйича келишувларга эришилган. Томонларнинг қайд этишича, 2019 йилда икки томонлама товар айрибошлаш ҳажми 8 млрд АҚШ долларини ташкил этади, 2020 йил якунларига кўра бу кўрсаткич 10 млрд долларга етади.

Қўмитанинг Хитой томонидан ҳамраиси Гуо Шенгкун йиғилиш якунлари бўйича қабул қилинган келишувларнинг жорий этилиши икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни янги амалий мазмун билан тўлдиришига умид қилаётганини таъкидлади.

Йиғилиш якунлари бўйича баённома имзоланди. Унга кўра Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг навбатдаги йиғилиши 2021 йили Тошкент шаҳрида бўлиб ўтиши белгиланди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top