01:09 / 31.08.2019
0
19979

Қарши шаҳар ҳокимлиги «барак уйлар» ҳақидаги танқидий мақолага муносабат билдирди

Kun.uz сайтида жорий йил 21 август куни «Қарши шаҳри марказидаги «барак уйлар» эгалари ҳолат яхшиланишидан умидвор. Муаммога ечим борми?» номли танқидий мақола эълон қилинган эди.

Унда Қарши шаҳридаги «Мустақиллик» маҳалласи аҳолиси мурожаатлари асосида «барак уйлар»даги абгор ҳолат ёритилган эди. 

«Уйларимиз «снос»га тушгани ҳақида икки-уч йил аввал огоҳлантириш хати олгандик. Маҳалламизда фақат ўн-ўн бешта хонадон бузилмади. Атрофда янги кўп қаватли уйлар қурилган. Ўртада бизнинг хонадонлар қолиб кетди. Жуда эски ва хароб уйлар. Бузиб, ўрнига янги уйлар қурамиз, десак, қўлимизда «снос»га тушгани ҳақида огоҳлантириш хати бор. Бир неча йилдан буён на бузишади, на бир тайинли гап айтишади. Эски уйлар нураб боряпти, том қисми буткул яроқсиз аҳволга келган. Фарзандларимиз улғайиб қолишган. Тўй-маъракаларни бу уйларда ўтказишнинг ҳам имкони йўқ. Шароит оғир, нима қилишга ҳайронмиз. Шу масалада ёрдам беришингизни сўраймиз», – деганди биз билан суҳбатда мурожаатчилар.

Шундан сўнг яна бир неча фуқаро ўз эътирозларини билдиришди. Уйлар эскилиги, деворлари нураб бораётгани, хонадонлар ичида яшаш учун шароит абгорлиги ва яна бир неча ҳолатларни санаб ўтишганди.

Ушбу танқидий мақолага Қарши шаҳар ҳокимлиги муносабат билдирди.

«Танқидий мақола юзасидан Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан ўрганиш ташкил этилди. Натижада қуйидагилар аниқланди:

Мазкур мақолада қайд этилган «Мустақиллик» маҳалласи Олчин кўчасида жойлашган 8-сонли барак типдаги уйлар ҳақиқатан ҳам бузилишга тушган. Маълум бўлишича, бу уйлар 1954 йилда хом ғиштдан қурилган, 12 хонадондан иборат.

Нега айнан шу уйлар?

Бу саволга жавоб беришдан олдин ушбу масалага дахлдор мавзу атрофида ҳам қисқа сўз юритсак.

Президентнинг 2013 йил 25 июлдаги «Қарши шаҳрини қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш Дастури тўғрисида»ги ПҚ-2010 сонли қарори асосида вилоят марказида бундан 4–5 йил муқаддам кенг бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилганди. Қарши шаҳри қиёфасини тубдан яхшилаш, замонавий шаҳарсозлик нормалари асосида қайта бунёд этиш, шаҳарни янада обод гўшага айлантириш мақсади кўзланганди.

Бинобарин, ўша пайтда Қарши шаҳрида мавжуд йўл-транспорт коммуникация тизими, муҳандислик ва ижтимоий инфратузилма тармоғи талабга жавоб бермай қолганди. Бу камчиликларни бартараф этиш, миллий меъморчиликни сақлаган ҳолда шаҳарнинг архитектуравий кўринишини такомиллаштириш асосий вазифа қилиб қўйилганди.

Шу мақсадда Қарши шаҳрининг 2030 йилгача мўлжалланган Бош режаси лойиҳаси ишлаб чиқилган ва у ҳаётга самарали татбиқ этиб келинмоқда. Режа асосида шу ўтган даврда вилоят марказида ҳам кенг миқёсли кўзга кўринарли ишлар қилинганини ҳеч ким рад этолмайди.

Аввало шаҳар ҳудуди салкам икки баробар кенгайтирилмоқда. Катта ҳалқа йўли қурилиши бошлаб берилди. Марказнинг асосий кўчалари бугун таниб бўлмас қиёфага эга бўлди. Аҳоли яшаши учун шароитлар анча яхшиланди. Янгидан янги ижтимоий ва иқтисодий объектлар, замонавий спорт иншоотлари, кўнгилочар масканлар барпо қилинди.

Бош режага кўра, Қарши шаҳрида намунавий лойиҳалар асосида янги замонавий кварталларни зарур ижтимоий-маданий инфраструктураси билан бирга барпо этиш ҳам бу борадаги муҳим йўналишлардан биридир. Йўл четида жойлашган, эски, пастқам уйлар ўрнида биринчи қавати маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, савдо дўкони, қолгани турар жой учун мўлжалланган кўп қаватли иморатлар қад ростлаши лозим.

Шу мақсадда кўплаб эски, кўримсиз уйларнинг баҳридан кечилди. Албатта, бунда аҳоли манфаати ҳам алоҳида эътиборга олинди. Уй соҳибларига етказилган зарар миқдори қопланиб, рози қилинди. Барчасига компенсация пуллари тўлаб берилди.

Бош режа асосида иш олиб борилиб, ҳозирга қадар Қарши шаҳрида йўл четидаги эски уйлар ўрнида 88 та кўп қаватли иморатлар қуриб фойдаланишга топширилди.

Қайд этганимиздек, марра жуда юқори олинган, 2030 йилгача бу ишлар давом эттирилиши даркор. Чунки вилоят марказида аҳоли сони тобора ошиб бораяпти. Ўз-ўзидан турар жойларга эҳтиёж ўсаяпти.

«Мустақиллик маҳалласи» Олчин кўчасидаги барак уйларга келсак, улар ўрнида ҳам кўп қаватли уй қад ростлаши кўзда тутилган. Бу уйларда истиқомат қилувчи аҳолига бузилиш ҳақидаги огоҳлантириш хатлари ҳам тегишли қарор ижроси доирасида йўлланган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, барак уйлар аслида узоқ муддат яшаш учун мўлжаллаб қурилмаган. Бу уйларнинг айни пайтдаги аҳволи ҳам фикримизни тасдиқлаб турибди. Бироқ аҳоли вакиллари уларда кун кечириб келаяпти.

Мазкур уйларни ҳанузгача бузиб олишга киришилмаганига бир қатор омилларни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин.

Биринчидан, бугунги кунда бош режага асосан Қарши шаҳрида эски уйлар ўрнида кўп қаватли уйлар қурилиши босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Боиси, бу борада шошма-шошарлик, ҳисоб-китобсиз иш қилиш ярамайди. Аҳоли сони ўсишига мутаносиб йўл тутиш мақсадга мувофиқ. Шунинг учун ҳам бош режа 2030 йилгача тўлиқ ҳаётга татбиқ этилиши мўлжалланган.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари, шу билан бирга, тижорат банклари бу жараёнда асосий ташаббускор бўлиб чиқаяпти. Бунга тадбиркорларнинг ўз маблағлари, шунингдек, ипотека кредитлари йўналтирилаяпти. Бошқача айтганда, молиялаштириш тўлиғича хусусий сектор томонидан амалга оширилаяпти. Тадбиркор ёки қурувчи бирор жойда кўп қаватли уй қуриш ташаббуси билан чиқаяптими, биринчи навбатда шаҳар ҳокимлигига хат билан мурожаат қилади, режасини билдиради. Унинг молиявий имконияти ўрганилади, тижорат банки кафиллиги сўралади. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарорига асосан унга Қарши шаҳар ҳокимининг ер ажратиш тўғрисидаги қарори чиқарилади.

Иккинчидан, шундай бўлгач, тадбиркор ҳам, тижорат банки ҳам фойда кўриш ҳақида ўйлайди, ҳеч ким зарарига иш қилмайди. Ахир мулк эгаларига компенсация пулини тўлаб бериш уларниинг зиммасида. Қурувчи-пудратчи кўп қаватли уй барпо қилишга киришаркан, эртага қилган меҳнати, харажати ўзини оқлаши ҳақида бош қотириши табиий.

Шунга мувофиқ, «Мустақиллик» маҳалласи Олчин кўчасида жойлашган, бузилишга тушган уйлар эгаларига зарарни қоплаб, бўшайдиган ер участкасида турар ёки нотурар жой қуриш бўйича Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан бир қанча тадбиркорлик субъектларига таклифлар берилган. Фуқаролар билан келишув битими тузиб ишни бошлаш сўралган. Лекин ҳозирга қадар бирор ишбилармон аниқ ташаббус ва лойиҳа билан мурожаат қилгани йўқ. Ахир, тадбиркорга буни қурасан, деб бирор нарсани мажбурлаб тиқиштириш қонунга бутунлай зид.

Учинчидан, аксига олиб, бу ерни давлат эҳтиёжи учун олиб, унда ижтимоий объект қуриш ҳам назарда тутилмаган.

Қолаверса, Президентимизнинг 2019 йил 3 августдаги «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ф-5491-сонли  фармойиши билан бу борада уч босқичли бутунлай янги тартиб жорий қилинди.

Сир эмас, биринчи босқичда вилоятлар ҳокимлари томонидан бузилиши режалаштирилган ҳудуд бўйича материаллар тўплами Вазирлар Маҳкамасига киритилади. Кейинги босқичда мазкур материал асосида шаҳарсозлик талаблари бўйича хулоса тайёрланади. Охирида тайёрланган хулоса Бош вазирга кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун киритилади.

Яна бир нарсани унутмаслик керакки, мақолада урғу берилгани каби, Мустақиллик маҳалласидаги барак уйлар бугун ё яқинда шу аҳволга келиб қолмаган. Уй эгаларига огоҳлантириш хати берилган вақтда (2017 йил ноябрь) ҳам шароит ҳозиргидан яхши бўлмаган. Канализация йўқлигига сабаб ўзи бу ҳудуддан умуман канализация тармоғи ўтмаган. Маҳалла тўлиқ газлаштирилган бўлса-да, барак уйларнинг айрим соҳиблари маиший газ баллонидан фойдаланишни ўзлари лозим, деб билган.

Боз устига, қурувчи ё бошқа биров томонидан иморатларга атайлаб шикаст етказилмаган. Ҳали бузиш ишларига қўл урилмаган. Кези келганда айтиш керакки, бу хонадонлардан ташқари, ўша ҳудуддан яна бир қанча уйлар ҳам бузилиши лозим, уларнинг эгалари ҳам тегишли тартибда огоҳлантирилган. Бироқ улар бугунги аҳволидан, бузилиш кечикаётганидан шикоят билдирмаган.

Қайта таъмирлаш ишлари олиб борилган тақдирда ҳам бу вазиятни ўнглашга хизмат қилмайди. Ахир барак уйлар ўз номи билан ҳам омонат қилиб қурилган.

Албатта, Қарши шаҳар ҳокимлиги бу фуқаролар тақдирига буткул бефарқ қарамайди. Аҳоли розилиги барча нарсадан устун. Шундан келиб чиқиб, келгусида ташаббускор тадбиркорларни таклиф этиш, фуқаролар манфаатига мос, қонунчилик доирасида иш кўришга устувор аҳамият берилади», – дейилади Қарши шаҳар ҳокимлиги маълумотномасида.

Бардошбек САМАД ўғли.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top