Kun.uz'га мурожаат қилган корхона раҳбари Жамшид Зуҳуровнинг айтишича, унинг бинолари президентнинг 2017 йил 27 мартдаги «2017 — 2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПҚ-2853 сонли қарори асосида бузилган.

Лекин, Янгиер шаҳри ҳокими Илёр Хўжаев ушбу бинолар бузилган вақтда уларнинг товон пуллари ҳокимлик томонидан тўлаб берилиши ҳақида «Кафолат хати» ёзиб берганига қарамасдан, орадан икки йил муддат ўтган бўлса-да, ҳали ҳам компенсация пули тўланмай келмоқда. Тадбиркорнинг товон пулини ундириш ёки бузилган ҳудуд ўрнига ер бериш тўғрисидаги ҳокимликка қилган мурожаатларига эътиборсиз қилиб келинган.

«Менинг мулкларим аслида тўлиқ бозор ҳудудида ҳам бўлмаган, ҳозир чойхонам бузилган жой автомобиллар тўхташ жойи бўлиб турибди. Лекин, президент қарори асосида янги бозорни қураётган тадбиркор ва ҳоким биргаликда менинг биноларимни ҳам буздириб ташлашди. Ундан кейин Янгиер ҳокими Илёржон Хўжаев қабулига бир неча марта кирдим. «Бўлди, берамиз», дейди, лекин бермайди.
Кейин шаҳар ҳокими ўринбосари Исомиддин ака билан гаплашдик, у ҳам пул тўлаб берилиши, фақат шаҳар бюджетида ортиқча пул йўқлиги туфайли кейинроқ тўланишини айтди. У шаҳар бюджети йилни даромад билан якунлаётгани, лекин орттирилган пул бошқа соҳаларга йўналтирилаётганини айтди. Мен-чи? Нега ҳокимият дастлаб ўз қарзини тўлаб қўймайди? Ахир мен ўша мулкимдан ойда 3-4 миллион сўм даромад қилардим, 10-15 кишини доимий иш билан таъминлардим», – дейди тадбиркор.

Ҳокимликдан қарзини ўзи ололмаслигини тушунган «Жамшид-Азиз-Файз» МЧЖ раҳбари Жамшид Зуҳуров 2020 йил октябрь ойида Иқтисодий ишлар бўйича Гулистон туманлараро судига мурожаат қилади. Суд тадбиркорнинг мулки етказилган зарар қопланмасдан туриб бузиб юборилган деб топган ҳамда Янгиер шаҳар ҳокимлигининг чорак якуни бўйича ортиқча тушган маҳаллий бюджетининг даромад қисмидан тадбиркор фойдасига 390 миллион 885 минг сўм моддий зарар (товон пули), экспертиза ўтказиш билан боғлиқ 1 миллион 143 минг сўм харажатларини ундириш бўйича қарор чиқаради.




















