12:57 / 01.09.2019
11793

Зеленский ташқи ишлар вазирлиги унинг Путин билан суҳбатлашишига йўл қўймасликка уринганини айтди

Фото: Sergii Kharchenko / ZUMA / ТАСС

Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат ТИВнинг аввалги раҳбарияти унинг Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилишига йўл қўймасликка уринганини айтди. У бу ҳақда «1+1» телеканалида «Украина президентининг 100 куни» кўрсатувида маълум қилди.

«Ташқи ишлар вазирлигининг олдинги раҳбарияти Россия президенти билан суҳбатлашишимни жуда ҳам исташмасди. Улар учун бу сиёсий, мен учун эса инсоний масала эди. Улар денгизчилар уйларига Зеленский Путин билан гаплашганидан кейин қайтишидан қўрқишарди», — деди Зеленский.

«Гаплашишга қарор қилдим. Танишдик. Ярим соатча суҳбатлашдик. Биз йигитларимизни қайтариш, кейинги қадамлар, Донбассдаги уруш тўғрисида гаплашдик. У ўзидаги маълумотларни, мен ўзимдаги маълумотларни айтдим. Булар Донбассдаги воқеалар ҳақида турлича маълумотлар эди», — деди Украина президенти.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, у Путинга иккинчи марта украин ҳарбийлари ҳалок бўлганидан кейин қўнғироқ қилган. У бу суҳбат мазмунини ошкор қилмаслигини айтди.

Зеленскийнинг Путин билан телефон орқали биринчи мулоқоти 11 июлда, иккинчи мулоқоти эса 7 августда бўлиб ўтганди.

Top