15:29 / 07.09.2019
4
44122

Мўйноқ туманида браконьерлар иштирокида отишма содир бўлди, 3 киши ҳибсга олинди (видео)

Ноқонуний овчилар Қорақалпоғистон Республикасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси инспекторларига ҳужум қилгани маълум бўлди. Қонунбузарлар 5 кишидан иборат бўлган. Улар томонидан инспекторлар автоуловининг ўн жойига ўқ узилган.

Бахтли тасодиф туфайли жароҳатланганлар йўқ, барча инспекторлар соғ-саломат.  Маълумотларга қараганда браконьерларга ўрмон хўжалиги ходими ҳам ҳамроҳлик қилган ва овчилар 20 бош кийикни отиб ўлдирган ва қочиб кетишга уринган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳам баёнот берди: “2019 йил 5 сентябрь куни соат 06:30 ларда Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ходимлари Т.Торениязов, Д.Каллибеков ва А.Калимбетовлар томонидан Мўйноқ туманидаги “Қазақдарья” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Акпеткей” кўллар тизимида ўтказилган рейд вақтида, давлат рақами бўлмаган “УАЗ” русумли автомашинада бўлган ноқонуний ов билан шуғулланиб келган 5 нафар фуқаролар инспекторларнинг қонуний талабига бўйсунмасдан, воқеа жойидан қочиб кетишни кўзлаб, қўмита ходимлари бошқарувидаги давлат рақами 95 Y 469 GA бўлган автомашина балонига ўқотар ов милтиғи билан ўқ узиб, воқеа жойидан яширинишган.

Мазкур ҳолат юзасидан Мўйноқ туман прокуратураси томонидан 2019 йил 6 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида ноқонуний ов билан шуғулланиб келган фуқароларнинг шахси аниқланиб, улардан 3 нафари ушланган.

Шунингдек, тезкор ходимлар томонидан қолган 2 нафар фуқаролар қидирилмоқда. Ноқонуний ов билан шуғулланиб келган фуқаролар бошқарувидаги “УАЗ” русумли автомашинанинг давлат рақами 80 С 401 ЕА эканлиги аниқланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда” дейилади прокуратура хабарида.

Суратлар ва видео Наргис Қосимованинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасидан олинди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top