10:54 / 25.01.2024
3417

Харкивда отишма қурбонлари хотирасига мотам куни эълон қилинди

23 январдаги ракета ҳужумлари бутун кенг кўламли урушнинг энг катта фожиаларидан бирига сабаб бўлди, деди Харкив мэри Игор Терехов. Мотам куни 25 январда бўлиб ўтади.

Фото: Kharkiv Regional Prosecutor's Office/AP/picture alliance

Харкивда 25 январ, пайшанба куни икки кун аввал россиялик ҳарбийлар томонидан амалга оширилган ракета ҳужумлари қурбонлари хотирасига мотам куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда Харкив шаҳар маъмурияти раҳбари Игор Терехов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, «23 январ куни ракета ҳужумлари бутун миқёсдаги уруш даврида қурбонлар сони бўйича Харкивдаги энг катта фожиалардан бирига олиб келди». Терехов, шунингдек, «ҳалок бўлганларнинг қариндошларига» ҳамдардлик билдирди ва «бегуноҳ одамларни ўлдиришда айбдор бўлганларга дўзахда ёнишни» тилади. 

23 январ куни Харкивга ракета ҳужумлари 

23 январда бир кун ичида Россия қўшинлари Харкивни уч марта ўққа тутди, натижада 10 киши ҳалок бўлди ва яна 60 киши, жумладан 6 бола яраланди. Биринчи отишма маҳаллий вақт билан соат 3:00 да, иккинчи отишма тахминан соат 6:00 да содир бўлган, зарбалар Киев ва Салтов туманларида амалга оширилган. Маҳаллий вақт билан соат 21:00 лар атрофида Россия Харкивнинг марказий қисмини ракета билан ўққа тутди. 

Украина матбуотига кўра, Россия қўшинлари Харкивга зарба бериш учун С-300, Х-22 (Х-32) ва «Искандер» зенит ракеталаридан фойдаланган. 

Илгари Харкивга зарбалар 16 январ ва 10 январ кунлари амалга оширилган. Янги йил арафасида, 30 декабр куни Харкив марказида рус қўшинлари ўққа тутиши натижасида ZDF немис телеканалининг Kharkiv Palace меҳмонхонасида бўлган журналистлари жароҳат олди. 

Украина Россиянинг Харкивга янги ҳужумини кутмоқда

4 январ куни Британиянинг The Telegraph нашри Украина қуролли кучлари Россия қўшинлари Харкивга янги ҳужум уюштириши мумкинлигига тайёрланаётгани ҳақида хабар берди. Шу мақсадда Россия томони охирги пайтларда ракеталар, артиллерия ва миномётлардан фойдаланган ҳолда Харкивни доимий равишда ўққа тутмоқда, дейилади материалда.

Top