14:00 / 08.09.2019
6
14172

«Maxam-Chirchiq» ва «Ammafos-Maxam» корхоналари атмосферани меъёридан ортиқ ифлослантираётгани аниқланди

Фото: ammofos-maxam.uz

Сўнгги ойларда Давлат экология қўмитасига аҳоли ва жамоатчилик ташкилотлари томонидан атроф-муҳитга зарарли ташламалар ташлаётган йирик саноат корхоналари фаолияти юзасидан шикоят ва мурожаатлар келиб тушмоқда, деб хабар беради қўмита матбуот хизмати.

Мазкур мурожаатларда Тошкент вилоятининг Чирчиқ ва Оҳангарон шаҳарларидаги «Maxam-Chirchiq» ҳамда «Ammafos-Maxam» акциядорлик жамиятлари фаолияти натижасида атмосферага, очиқ сув ҳавзаларига ташланаётган зарарли моддалар атроф-муҳитга, фуқаролар саломатлигига хавф солаётгани қайд этилган.

Ушбу мурожаатларни ўрганиш мақсадида Давлат экология қўмитаси томонидан «Maxam-Chirchiq» АЖнинг периметри бўйлаб (16 километр) атмосферадан 8та нуқтадан (оралиқ 800 метр, корхона деворидан 15 метр масофада) намуналар олиниб, таҳлил қилинганда атмосфера ҳавоси таркибида аммиак миқдори рухсат этилган меъёрдан – 1,1–2,8 марта, водород сулфид миқдори – 4,5-7,4 марта, углерод оксиди эса – 1,2 марта юқорилиги аниқланди.

Юқоридаги ўрганишлар «Ammafos-Maxam» АЖда ҳам ўтказилди, олинган ҳаво намуналари олиниб таҳлил қилинганда ҳаво таркибида олтингугурт моддаси миқдори рухсат этилган меъёрдан – 2,6 мартага, азот икки оксиди 8 мартага ортгани аниқланди.

Давлат экология қўмитаси томонидан «Ammafos-Maxam» АЖ фаолияти юзасидан тайёрланган маълумотлар асосида «Ўзбекистон экологик партияси» томонидан июль ойида жамоатчилик эшитуви ташкил этилиб, мазкур корхона томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш юзасидан олиб борилаётган ишлар кенг жамоатчилик билан муҳокама қилинди.

Амалга оширилган ўрганишлар натижаларига асосан юқоридаги корхоналарда фаолияти жорий йил 5 августдан 26 август кунига қадар давлат экологик назорати олиб борилди.

Хусусан, «Maxam-Chirchiq» АЖда олиб борилган текшириш давомида 29та асосий ва ёрдамчи цехлардаги атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи 30та манбадан 62та намуна олиниб, ҳаво таркибидаги азот оксиди ва аммиак моддалари бўйича, шунингдек 9та очиқ сув ҳавзаларини ифлослантирувчи манбадан 9та намуна олиниб, сув таркибидаги нефть маҳсулотлари, мис, темир, нитрат ва нитрит ионлари ҳамда хлорид ингредиентларини аниқлаш бўйича жами 71та физик-кимёвий таҳлил ишлари ўтказилди.

Таҳлил натижаларига кўра, корхонанинг 2та ишлаб чиқариш цехида атмосферани ифлослантирувчи манбалардан ташланаётган ташламалар миқдори рухсат этилган меъёридан 1,2–8,0 марта юқорилиги аниқланди. Мазкур камчиликларни бартараф этиш мақсадида ушбу цехлар фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Шу билан бирга, «Ammafos-Maxam» АЖнинг 4та асосий ишлаб чиқариш цехларидаги атмосферани ифлослантирувчи 15та манбадан намуналар олиниб, ҳаво таркибидаги азот оксиди, аммиак моддалари ва фосфор чангини аниқлаш бўйича жами 36та таҳлил ишлари ўтказилди.

Таҳлил натижаларига кўра, корхонанинг 1та ишлаб чиқариш цехида атмосферани ифлослантирувчи манбалардан ташланаётган ташламалар миқдори рухсат этилган меъёрдан 1,15-1,22 марта юқорилиги ҳамда ишлаб чиқариш технологик жараёнида қувурлар герметиклигининг бузилиши натижасида ифлослантирувчи моддалар атмосфера ҳавосига ташланаётгани аниқланиб, мазкур цехдаги ускуналар фаолияти ҳам вақтинча тўхтатилди.

Ўзбекистон Республикасининг «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги ва «Чиқинди тўғрисида»ги қонун талабларини бузганлик учун «Maxam-Chirchiq» АЖ, «Ammafos-Maxam» АЖнинг 33 нафар мансабдор ва масъул шахслари маъмурий жавобгарликка тортилди ҳамда атроф табиий муҳит ифлослантирилгани ва чиқиндилар белгиланмаган жойларга жойлаштирилгани учун қўшимча равишда 414,4 миллион сўм компенсация тўловлари ҳисобланди.

Шунингдек, «Ammafos-Maxam» АЖ ҳудудида ноқонуний дарахтлар кесилгани аниқланиб, ўсимлик дунёсига етказилган 223 миллион сўм зарарни қоплаш белгиланди.

«Текшириш якунлари билан мазкур корхоналарда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида бу каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида 39 банддан иборат бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди ҳамда Давлат экология қўмитаси томонидан қатъий назоратга олинди», — дейилади хабарда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top