19:12 / 09.09.2019
4
14912

Қирғизистондаги қишлоқда исрофгар тўйлар чеклаб қўйилди

Қирғизистон Республикасининг Ўш вилоятидаги Қора-Тош қишлоғи жамоатчилиги жуда катта сарф харажатли тўйларни чеклаш ҳақидаги қарорга келишди.

Turmush нашри хабарига кўра, фаол аёлларнинг бир гуруҳи бу ҳақда ташаббус билдириб, уни татбиқ қилишга муваффақ бўлишган.

Гуруҳ аъзоларидан бири Гулсун Мусаева сўзларига кўра, бундан буён тўй ташкилотчиларига овқат солинган саватлар ва кийим кўринишидаги совғалар берилмайди, фақат пул билан кифояланади. Меҳмонлар эса кетаётганида овқатларни пакетларга солиб олиб кетмайди. Шунингдек, пулларни исрофгар тўйларга сарфлашдан кўра, хайр-эҳсон қилиш тарғиб этилади.

Янги қоидаларга амал қилиш устидан назорат гуруҳи ҳам тузилган бўлиб, унга ҳар қавмдан бир аёл танлаб олинган. Улар тўй бошлаган оилаларни кузатиб боришади, қоида бузганлар билан суҳбат уюштиришади. Шунингдек келгусида қилиниши лозим бўлган ишларни муҳокама этиш учун йиғилиш ўтказиб туришади.

Қайд қилиш жоизки, исрофгар тўйлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш Марказий Осиё мамлакатларига хос бўлган муаммодир. Қариндошлар ва қўшниларда чуқур таассурот қолдиришга интилган одамлар тўйларга жуда катта пул сарфлаб юборишади ва оила бюджетига зарар етказишади. Бунинг учун баъзан кредит ҳам олишади ва катта миқдорда қарзга ботиб қолишади. 

Тожикистонда 2007 йилдан бошлаб тўй ва бошқа тадбирлардаги харажатлар қонун билан чекланган. Қирғизистонда ҳам бундай қонун кўп марта муҳокама қилинган, аммо якуний қарор қабул қилинмаган. Ўзбекистонда ҳам тўйлардаги харажатларни чегаралашга уриниш бўлган эди. Аммо бу ташаббус аҳоли томонидан қўллаб-қувватланмади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top