23:45 / 09.09.2019
10
18494

«Тут дарахтини ғайриқонуний кесганлик, шикастлантирганлик ёки йўқ қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда» – «Ўзбекипаксаноат»

Ўтган 2018 йил давомида Республиканинг турли худудларида 48 минг тупдан ортиқ тут дарахти  ўтин учун ёки бошқа мақсадларда кесиб кетилган. Бу ҳақда бугун, 9 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси мутасаддилари иштирокида “Республикада ипакчилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси ва моҳияти юзасидан  ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Тадбир давомида республиканинг турли ҳудудларида ипак қуртининг асосий озуқаси бўлган – тут дарахтини кесиб кетиш ҳолатлари кўп учраши ва бу борада «Ўзбекипаксаноат» томонидан қандай ишлар амалга оширилаётгани борасида савол билан мурожаат қилинди.

«Муаммони яширишнинг ҳожати йўқ, бу мавжуд ҳолат. Албатта, жойларда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ходимлари томонидан назорат ташкил қилинади, лекин буни етарли деб бўлмайди.

2019 йил 31 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пиллачилик тармоғида чуқур қайта ишлашни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. 

Мазкур қарорда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси «Ўзбекипаксаноат» билан биргаликда икки ой муддатда тут дарахтларини ғайриқонуний кесганлик, шикастлантирганлик ёки йўқ қилганлик учун ундирилган жарималарнинг эллик фоизи ўша ҳудудда янги тутзорларни барпо қилишга йўналтириш тартибини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланган. 

Мазкур қарор асосида эндиликда тут дарахтларини ғайриқонуний кесганлик, шикастлантирганлик ёки йўқ қилганлик учун ундирилган жарималар миқдори оширилади. 

Биз бундан ташқари тут дарахтини ғайриқонуний кесишнинг салбий оқибатлари ҳақида доимий тушунтиришлар олиб бормоқдамиз»,- дея «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси Бошқарма бошлиғи Хасан Комиловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top