Қисқагина 25 кунлик умри давомида 4 хил кўринишга эга бўладиган жонивор бор – аввал тухум, кейин қурт, ғумбак ва капалак. Бу – умрида фақат тут барги еб, бетакрор ипак тўқийдиган ипак қурти.
Ўзбекистон ипак қурти етиштириш бўйича дунё етакчиларидан биридир. Мамлакатимиз бу борада Ҳиндистон ва Хитойдан кейинги учинчи ўринда туради.

Ипак қурти етиштириш – жуда машаққатли иш. Kun.uz ипак қурти боқадиган қишлоқларда, бир нечта хонадонларда бўлиб, пилла етиштириш жараёни ва унинг ортидаги меҳнаткашларнинг оддий ҳаётини кўрсатишга қарор қилди. Биринчи манзилимиз – Бухоро.
“Биз бораётган жой – Зиёрат қишлоғи. Маҳаллий аҳолининг даромади асосан пилладан. Йилига 4 мавсум пилла боқилади. Биринчи мавсумда апрел ойида хонадонларга қурт тарқатилади, май ойида етиштирилади. Иккинчи мавсум август ва сентябрга тўғри келади”, – дейди Шуҳрат Қорёғдиев.
Уйларга ипак қурти қутиларда тарқатилади. Ҳар бир қуртга эътибор бериб боқиш керак. Хонадонлар ўз уйларида қуртнинг овқати – тут дарахтларни етиштиради. Ипак қурти фақатгина тут барги билан озиқланади.
“Эрталаб соат 6ларда [тут чопишни] бошлаймиз. Кечқурун яна берамиз, кунига 3-4 хўрак берамиз. Баргни майдалаб берамиз. Бу – уларнинг емиши. Эрталаб соат 7да барг ташлаймиз, 12-13ларда яна ташлаймиз, намозшом соат 19ларда, 23ларда яна ташлаймиз”, – дейди Саидқул Шоназаров.

Пилла боқадиган одамлар, айниқса, аёлларнинг қўллари қадоқ бўлиб кетади. Улар куни билан барг териш, чопиш ва навбатдаги озиқлантиришга захира баргларни тайёрлаш билан машғул бўлади.
“45 йилдан бери боқаман десам ҳам бўлади. Онамникида ҳам боқиб келганман. Келсам, қайнонам ҳам боқарканлар. Шундан кейин давом этиб кетди. Қийинчиликларни кўрдингиз, бироз совуқ бўлди. Ёшлигида печка ёқиш керак, кўпроқ эътибор бериш керак. Эътибор бермасангиз, катта-кичик бўлади, ярмиси қуриб қолади. Йилда битта қутидан 120-130 килограмм пилла бераман. Иссиқлигига, барг беришга эътибор бериш керак”,




















