15:48 / 10.09.2019
3
15929

Синов ва умидлар маскани... Болалар шифохонасига навбатдаги ташриф. Улар Сизнинг кўмагингизни кутишмоқда

Kun.uz сайти ҳамда пойтахтдаги “Гeматология ва қон қуйиш илмий-тeкшириш институти”нинг ҳамкорлиги доирасидаги хайрия акциялар яна жонланмоқда. Бу сафар ҳам шифо умидидаги болалар ҳолидан хабар олиш учун йўлга чиқдик.

Бу шифохонада бошқаларидан фарқланади. Кўзларига мунг илашган болалар ҳам, уларни қўллаб ёнларида турган оналар ҳам, шифокорларнинг бир имосига маҳтал бўлиб, ҳовлида юрган оталар ҳам ҳадик ва умид билан кун кечирадилар. Бу маскандаги ёрдам илинжида тикилиб турган нигоҳларга қараш жуда оғир, ўзидан орттириб кўмак бериш учун келганлар кимнидир хурсанд қилишса, ўзлари билмаган ҳолда кимнингдир кўнглини оғритиб ҳам қўйишади. Сабаби – ҳаммага мадад бўлишнинг иложи йўқ. Шунинг учун ҳам бу ерда ҳар қандай ёрдам – каттаси ҳам, кичиги ҳам қадрли. Ҳар қанча ҳомий бўлса, беқиёс ўрни бор. 

Бугун ҳам бир қанча беморлар ҳақидаги лавҳаларни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Ишонамизки уларнинг мураккаб тақдири сизларни бефарқ қолдирмайди.

Биринчи беморимиз Ёқутхон Аҳматова 14 ёшда, Тошкент вилояти Бекобод туманидан. 2017 йилда оққон касаллигига чалинган бўлса, ўтган икки йил давомида даволанган ва соғайиб кетгани учун уйига жавоб берилган. Аммо яқинда, Ёқутхон барча дугоналари билан мактабга боришни режалаштириб юрган кунларда касаллик яна қайталаниб қолган.

– Ўтган сафар даволанаётганимизда сочларим тўкилиб кетганди. Шу боис уялганимдан опажонимнинг тўйига ҳам бора олмадим. Бир укам бор, роса мен билан мактабга боришни орзу қилади. Бирор марта укам билан бирга етаклашиб дарсга бориш насиб қилмади. Ҳозир ҳам дугоналарим ҳар куни телефон қилишади: “Ёқутхон, қачон келасан, сени соғиндик” дейишади. “Мен яқинда бораман, кутинглар” дейман, кейин бошимни ёстиққа буркаб йиғлайман. Илтимос, бизга ёрдам беринглар, мени даволатаман деб ота-онам жуда қийналиб қолишди-, дейди қизгина.

Ёқутхон қўшиқлар айтаркан. Бизга мунгли бир қўшиқдан парча айтиб берганида суратга олиш жараёнидаги барча иштирокчилар кўзёшларини тийиб тура олмадилар.

Пластик карта рақами: 8600 5729 4947 9138 “Ориентфинанс” банк, отаси Бахтиёр Эргашев номида.

Шифо илинжидаги кейинги болажон, 7 ёшли Фароғат Холмаҳмадова Қашқадарё вилояти Касби туманидан келган. Оиланинг даромади ҳаминқадар, она фарзандини парваришлаб шифохонада ётибди, ёлғиз отанинг топгани рўзғордан ортмайди. Фароғатнинг қариндош-уруғлари, айниқса амакиси қараб тургани йўқ. Лейкоз касаллиги бадавлат инсонларни ҳам гандираклатиб қўядиган бир дардки унга чалинган ўртаҳол оила не куйга тушишини англаш қийин эмас.

– Ҳеч кимнинг бошига бундай кун тушмасин, душманимга ҳам буни раво кўрмайман, болаларимиз касал бўлишмасин-, дейди онаси Соҳиба Султонова кўзёшларини тия олмай. Бор умидимиз Аллоҳдан, яхши инсонлар қўллари билан бизга кўмак беришига ишонамиз.

Пластик карта рақами: 8600 0609 4471 8718 “Халқ Банки”, 4728 3300 0011 8941 Виза карта, онаси Соҳиба Султонова номида.

Яхши инсонлар кўмагидан умид қилаётган яна бир бемор Муслима Бахтиёрова эндигина икки ёшга тўлди. Ёш оиланинг ягона овунчоғи бундай мураккаб дардга чалиниб қолиши ота-онани ғамга чўмдирган. Она қизалоқ билан, отаси Илҳом Аҳмедовнинг елиб югургани дори-дармонларга етмайди. Оила дорихоналардан анчагина қарз бўлиб қолган. Яқинларининг кўмаги ҳам кўпга бормайди.

– Қизгинамнинг бу ҳолга тушиши бизни жуда шошириб қўйди. Аввалига бундай касаллик деб ўйламагандик, энди эса қандай йўл тутишни билмай бошимиз қотган. Бола касал бўлмасин экан, айниқса мана бундай оғир касалликдан жуда қийналиб кетдик-, деди биз билан суҳбатда Муслиманинг онаси Зарнигор Аҳмедова.

Пластик карта рақами: 8600 0417 9003 7411 “Агробанк”, 4187 8200 0025 2542 Виза карта, отаси Илҳом Аҳмедов номида.

Навбатдаги беморимиз тақдири кўпчиликни ўйлантириши табиий. 11 ёшли Севара Сафарбоева Қорақалпоғистоннинг Амударё туманидан келган, шифохонада онаси билан бирга даволанмоқда. Айни ўйнаб-куладиган, мактабга борадиган кунларида кўзидаги мунг билан касалликка қарши курашаяпти.

– Ўзим мактабда ҳовлибон бўлиб ишлайман, маошим жуда кам, рўзғорга ҳам етар-етмас. Аммо бу касаллик қаршисида бутунлай ожиз қолдик... Дадаси кўп йиллар олдин вафот этган, фарзандларимни ёлғиз ўзим катта қилаяпман. Бошимга тушган шунча дардлар етмасмиди...- йиғлаб сўзлайди Севаранинг онаси Роҳатой Абиллаева.

Эндигина 40 ёшни қоралаган онанинг кўзларида дард, сочларида оқ... Болага таскин бўлишнинг ўзигина камлик қилади. Қимматбаҳо дорилар доимо керак, қарзлар эса ортгандан ортиб кетган. Саховат илинжидаги инсонларнинг савоб ишлаш имконияти ҳар қачонгидан ҳам катта.

 Пластик карта рақами: 8600 0423 1449 1670 “Агробанк”, онаси Роҳатой Абиллаева номида.

Акциямизнинг бугунги қисмидаги сўнгги бемор Фарғона вилояти Бувайда туманидан келиб даволанмоқда. 16 ёшли Хуршидбек Ҳожиев ҳам оққон деган мураккаб дард билан олишиб толиққан. Айни йигит ёшига кирган, ўртоқлари билан ҳаётнинг илк пиллапояларида орзулар қиладиган пайтида касаллик Хуршидбекни оғир аҳволга солиб қўйди. Ҳозир у бувиси билан ижара уйда яшаб даволанмоқда.

– Набирамнинг аҳволини кўриш жуда оғир, умуман бу касалликка чалинганларнинг кўзига қараш қийин. Ижара пулларини тўлаш, дори-дармонлар олишга анча қийналиб қолдик. Яхши инсонлар кўмагига муҳтожмиз-, дейди Хуршидбекнинг бувиси Хурсаной ая.

Пластик карта рақами: 8600 3329 9738 1862 “Ипотекабанк”, отаси Роҳатой Исроилжон Бурайимов номида.

Шифокор Сапура Ибрагимова беморлар борасида шундай фикрлар билдирди:

– Беморларимизга давлатимиз томонидан қулай шароитли шифохона қурилган, шинам палаталар ишга туширилган, егуликлар таъминланади, болажонларимиз ўйнашлари учун хоналар ажратилган. Зарур дори воситалари таъминоти ҳам йўлга қўйилган. Аммо даволаниш режалари, услублари мунтазам ўзгариб туради, янги-янги дориларга эҳтиёж сезилади, ажратилган дорилар етарли бўлмай қолади. Шу боис кўпчилик беморларимиз ҳомийлар кўмагига муҳтож бўлиб қоладилар.

Азиз юртдошлар, бағрикенг инсонлар! Сизнинг саховатли қўлларингиз шу пайтгача ҳам кўпчиликка кўмак берган, бундан кейин ҳам муҳтожларга суянчиқ бўлади. Бугун эътиборингизга ҳавола этилган қоракўзлар тақдири ҳам сахий инсонлар ёрдамида яхши томонга ўзгариши мумкин. Улкан савоблар сизни кутаяпти.

Аброр Зоҳидов, тасвирчи Абдусалим Абдувоҳидов.


Ҳурматли "UZCARD" карточка эгалари! "UZCARD" тизими сизни огоҳлантиради!

Ҳеч кимга ва ҳар қандай вазиятда пластик картангизга тааллуқли маълумотларни, айниқса телефон рақамингизга кирувчи СМС хабарларни (масалан, То'lovni tasdiqlash kodi: 123456. Kodni hech kimga bermang" ёки "Код oplati. Nikomu ne soobshayte etot kod. 123456") ошкор қилманг. Сизга ёрдам пулини пластик карточкасидан ўтказиб бераётган номаълум шахс телефон орқали мурожаат қилиб мобил телефонингизга келиб тушаётган СМС — кодлар тўғрисидаги маълумотларни билмоқчи бўлаётганини сезган бўлсангиз, билингки ушбу шахс фирибгарлик йўли билан карточка ҳисоб рақамингиздаги пул маблағларини ўғирлашга уринмоқда. Агар карта ҳисоб рақамингиздан пул маблағлари ўғирланаётганини сезган бўлсангиз дарҳол карточкангизни олган банкингизга картани блоклаш учун мурожаат қилишингиз ёки ушбу амалиётни бевосита ўзингиз мобил ёки веб иловада бажаришингиз мумкин.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top