Дунё миқёсида кўплаб одамлар ҳар хил қийинчиликларга дуч келиб туради. Булар иқлим офатлари, касалликлар, камбағаллик, яна тинчликка рахна солувчи бошқа муаммолар бўлиши мумкин. Шундай вазиятда волонтёрлар одамларнинг жонига ора киради, уларни қўллаб-қувватлаб қийинчилик вазиятида ҳеч қандай таъмасиз ёрдам беради. Биз бундай кўнгилли одамларни волонтёрлар деб атаймиз.

Қизиқ фактлар

Дунё бўйича 1 млрддан ошиқ одам волонтёрлар ҳисобланади. АҚШда эса ҳар тўртинчи одам волонтёрлик қилади. Расмий ва норасмий манбаларга кўра, аёллар эркакларга қараганда кўпроқ волонтёрлик билан шуғулланади.

Айниқса, коронавирус пандемиясидан кейин волонтёрлик қилиш тизими ўзгариб кетди. Пандемия бошланган 2020 йилдан 2022 йилгача онлайн волонтёрлик қилиш фоизи 32 фоиздан 51 фоизга ошган.

Волонтёрлик нима дегани?

Волонтёрлар — кўнгиллилар бирор фойда олиш мақсадида эмас, балки эзгу мақсадлар йўлида жамоат ишларини бажариш, нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш учун турли вазифаларни бажаришга киришган кишилардир. Улар бу мақсад йўлида ўз вақтлари ва энергияларини пул олмасдан сарфлайди.

Масалан, қайсидир ҳудудда сел тошқини бўлиб одамларнинг яшаш жойлари харобага айланган бўлса, волонтёрлар тозалаш ишларига ёрдам бериши мумкин. Ёки ўтказиладиган турли фойдали тадбирларни ташкиллаштириб бериши мумкин. Уларнинг турли йўналишларда одамларга фойдаси тегади. 

Волонтёрлик қандай вужудга келган?

Волонтёрлик тарихи 12-асрдаги Буюк Британия билан боғланади. Бу даврда волонтёрлар томонидан бошқариладиган 500 дан ортиқ касалхоналар бор эди. Лекин тарихда бундан олдин ҳам одамларга кўнгилли тарзда ёрдам бериш тизими бўлганини инкор қилиб бўлмайди. Кўнгилли тарзда қилинадиган ишлар, асосан, дин ва диний идоралар билан боғлиқ тарзда амалга оширилган.

"Волонтёр" сўзининг пайдо бўлиши эса 17-асрга бориб тақалади, бу сўз француз тилидан олинган. Унинг фаол ишлатилиши 18-асрда одамларнинг ҳарбий хизматга кўнгилли тарзда қўшила бошлаши билан оммалашади. Бугунга келиб эса "волонтёр" сўзи ҳарбий хизмат билан эмас, кўпроқ жамоат ишлари билан боғлиқ.