00:06 / 11.09.2019
19
24410

Кенгаш раҳбари фермерлик соҳасидаги тез-тез такрорланувчи оптимизация ва беқарорликларга изоҳ берди

Бугун, 10 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда мутасаддилар «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори ижроси ва моҳияти юзасидан маълумот бериб, ОАВ ходимлари томонидан берилган саволларга жавоб қайтаришган.

Тадбир давомида Ўзбекистонда ер бошқаруви фермерлик тизимига ўтгандан буён ҳар етти-саккиз йилда фермер хўжаликларининг оптимизациядан ўтказилиши деҳқонлар учун қатор ноқулайликларни келтириб чиқараётгани, фермерларимиз қачон қўрқмасдан, қонунларга ишонч ҳамда узоқ йиллик режа билан фаолият бошлаши мумкинлиги, умуман, бу тизим нега бунчалик беқарорлиги борасида савол билан мурожаат қилинди.

 «Сиз етти-саккиз йил деяпсиз, бу кўп. Бизда оптималлаштириш ҳар уч йилда бўляпти. Биз фермер хўжаликларини йириклаштириш йўналишига ўтдик. Бу йил жами 77 мингта фермерлик қолди, ўтган йили бу рақам 153 мингтани ташкил қилган эди.  

Мен сизга яна бир янгиликни айтаман: Яхши билишимиз керак, биз қайси жараёнга кетяпмиз? 2022 йил 1 январдан бошлаб кўп тармоқли бўлмаган фермер – фермер бўлолмайди. Ҳозирда 60 фоиз фермерлар кўп тармоқли бўлиб олишди. Бу жараён давом этади.

Айниқса, бу ерда кластерлар билан соғлом рақобат кетаётган пайтда бизнинг вазифамиз – фермерларимизни қўллаб-қувватлаш», дея Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хайитовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Актам Хайитов шунингдек, мазкур масала жуда долзарб аҳамият касб этишини таъкидлаган ҳолда, журналист билан батафсил, тет а тет суҳбатга рози эканлигини билдирган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top